“Челси” клуби бош мураббийи Жозе Моуринью уни “Зенит” яримҳимоячиси Аксель Витсель қизиқтирмаслиги ҳамда ҳозирда Россияда Дмитрий Аленичевга ўхшаган футболчилар йўқлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда Radio RCA хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дмитрий Аленичев ўз вақтида Моуринью қўл остида “Порту” сафида Европа Чемпионлар Лигаси (2004) ва УЕФА кубогини (2003) қўлга киритган ҳамда Европанинг барча расмий клублараро мусобақаларини ютган ҳамда бу мусобақаларнинг финалларида тўп урган ягона россиялик футболчи ҳисобланади.

“Сиз биласизки, биз ҳақиқатан ҳам Россия футбол бозорини таҳлил қилиб борамиз. Россияда менга Дмитрий Аленичевни эслата оладиган бирорта ҳам футболчи йўқ. Аленичев ажойиб ўйинчи ва ҳақиқий профессионал эди.

Мен яқинда Россия термаси ўйинини кўрдим ва менда жамоага футболчиларни кўчадан олишгандек таассурот пайдо бўлди. Мен баъзи ўйинчиларни биламан, агар уларга қизиқиш бўлган бўлса ҳам, бироқ ишга бундай ёндашиш билан улар ҳеч қачон дунёниннг энг яхши чемпионатларида тўп сура олмайдилар. Бундан ташқари, Россияда футболчиларни бузадиган катта пуллар ҳам бор.

Виллиан ва Это’о Россия чемпионатидан кейин менинг машғулотларимга жуда қийин кўникдилар. Мен футболчилар бундай аҳволда бўлиши мумкинлигидан ҳайратда қолдим. Ҳа, мен Витсель Россияни тарк этмоқчилигини эшитдим, бироқ “Челси”да унга ҳеч қандай қизиқиш йўқ. У Португалияда ўйнаганда мен уни “Интер”да кўришни истагандим, бироқ у энди бошқа ўйинчи. Ўйинчилар борасида гапирадиган бўлсак, Россияда ҳаммадан кўра кўпроқ Промес ва Шатов ажралиб туради, бироқ биз улар билан ҳам таркибимизни кучайтиришни истамаймиз”, деб ўз фикрларини билдирди Моуринью.