Яманда футбол 5 йилдан бери фалажланган. Исёнчи хусийчиларнинг доимий равишда фаоллашиши оқибатида у ерда на миллий чемпионат, на терма жамоа ўйинларини ўтказишнинг имкони бўлмай қолган – футболчилар батамом формадан чиқиб кетмаслик учун унда-бунда тўп тепиб туришади. Бундай шароитда Ямандаги футбол борган сари сўлиб бораётган бир пайтда ўлганнинг устига тепган қилиб мамлакат футбол федерацияси биносига бомба ташланди. Бинонинг ярми вайронага айланди. Бинода мамлакатда тинчлик ҳукм сурган пайтни эслатувчи фақатгина биргина тимсол – бинога кираверишдаги катта оқ-қора тўп қолди. Маҳаллий футбол амалдорлари ўз қароргоҳларига бошқа оёқ босмаётганлари туфайли бино эшиклари михлаб ташланган.

Уруш пайтида футболни ривожлантириш бесамар ишдир. Авиазарбалар натижасида мамлакатдаги кўпчилик ўйингоҳлар ва машғулот майдонлари вайронага айланган, хомийлар ушбу объектларни тиклаш учун пул бермаяпти. Яман терма жамоаси вакилларининг айтишича, аввалги футбол инфратузилмасидан бор-йўғи 1 фоизигина қолган.

“Ҳеч ким тўлақонли машғулот ўтказа олмаяпти. Ўйинчилар уйда ўтириб, бошқа давлатларда ўтказилаётган машғулот йиғинларини кутиб ўтиришга мажбур бўлмоқдалар. Барчаси уруш оқибатида вайрон бўлган”, деб айтмоқда Яман термаси бош мураббийи Мирослав Соукуп.

Чехиялик мутахассис Яманга 2014 йилнинг баҳорида – у ерда эндигина хусийчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида қуролли низо юзага келаётган пайтда келган эди. Тўқнашувлар оқибатида хусийчилар мамлакатнинг катта қисмини назорат остига олишга муваффақ бўлди ва Форс кўрфази давлатлари бу ҳолни конституцияга қарши ўтказилган давлат тўнтариши деб ҳисоблаб, Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари ҳарбий коалицияси Яманга бостириб киришни бошлади. Бу ҳаракатлар Саудия Арабистони Ҳарбий-ҳаво кучларининг авиазарбалари билан қўллаб-қувватланиб турилди.

“Мен Ямандаги бундай ҳаётга кўникишим қийин бўлди, кўчаларда одамлар Калашников автоматлари билан юрар эдилар. Бунга кўникиш осон иш эмас. Ҳар 3-4 ойда ҳаммаси бошдан оёқ ўзгармоқда. Бир куни эрталаб терма жамоа менежери телефон қилиб: “Уйда ўтир, бу ерда икки томон орасида кураш кетмоқда, инқилоб бўлиши мумкин. Эҳтиёт бўлиб, ҳеч қаерга чиқмай ўтир” деб айтди. Шунга ўхшаш нарса бу ерда мунтазам равишда содир бўлиб туради”, деб айтмоқда Соукуп.

Урушга қарамай, Яман 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичининг 1-раундида Покистон устидан ғалаба қозониб (3:1, 0:0), мусобақанинг гуруҳ босқичига йўл олди ва энди у ерда Ўзбекистон, Баҳрайн, Филиппин вап Шимолий Корея билан кураш олиб боради.

“Биласизми, бошинг тепасидан бомбалар учиб турганда Покистон устидан ғалаба ҳақида кўпчилик одамлар ўйлаймайдилар ҳам. Футболчилар уларнинг оилалари бомбалар учаётган жойда қолганини била туриб диққатни жамлаб, ўйнашлари қийин кечади. Бироқ йигитлар агар улар ютсалар Яман халқи бунданй хурсанд бўлишини биладилар. Улар учун бу ғалаба бундай даҳшатли вақтларда қандайдир бўлса ҳам бир яхши янгилик бўлади”, деб таъкидламоқда Соукуп.

Яманликлар Покистон устидан март ойида ғалаба қозонганларидан кейин деярли 3 ой мобайнида на машғулот, на бирон марта учрашув ўтказдилар. Яман термаси ўзининг барча уй ўйинларини Қатарда ўтказишга ҳаракат қилмоқда, бироқ июнда у ерга бориш жуда мураккаб иш бўлди. Мунтазам равишда бораётган жанговор ҳаракатлар туфайли аэропорт фаолият юрита олмаяпти, жанг ҳаракатлари ҳудудига тушиб қолиш хафви юқорилиги сабабли ҳуқуқ-тартибот муассасалари Дохага автобусда боришни ман қилиб қўйди.

Дохага етиб бориш учун энг узун ва ноқулай вариантдан фойдаланишга: Жибутигача 13 соат теплоходда ва ердан Дохагача 5 соат самолётда учишга тўғри келинди. Умумий ҳисобда 20 соатлик йўл, ваҳоланки Ямандан Дохагача самолётда 2 соатда етиб олиш мумкин.

 

Яман спорт вазири Рафат Али Ал-Акхалий олган фотосуратлардан кўринишича, футболчилар 13 соат давомида қаттиқ палубада ўтиришга мажбур бўлганлар.

“Бу фотосуратлардаги ҳолатни кўриб ҳис-туйғуларимни қандай ифодалашни ҳам билмайман. Бизнинг халқимиз пешонасига тушган оғир азиятлардан қайғу ҳисси бор. Биров ҳеч нарсага қарамай мусобақаларга бораётган футболчиларимизда мағрурлик ва қатъият бор. Умид қиламанки, биз тез орада вайроналар остидан чиқиб, Яман келажагини шундай одамлар қўли билан қайта қурамиз”, деб айтмоқда спорт вазири.

Натижада ўйинларга тайёрлана олмаган Яман Шимолий Корея (0:1) ва Филиппинга (0:2) имкониятни бой бериб, гуруҳда энг охирги ўринга тушиб кетди. Жаҳон чемпионатига чиқиш энди мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда, бироқ яманлик футболчиларда бундан оддийроқ орзу – жуда бўлмаса 3 йилда бир марта ўз уйларида ўйнаш орзуси бор.