Тадбиркор Алишер Усмонов Россия футбол иттифоқига Россия терма жамоасининг бош мураббийи Фабио Капелло билан унинг маоши бўйича қарзни тўлашга ёрдам беради, деб хабар бермоқда РБК.

Усмонов 2015 йилнинг февралида РФИга 400 млн рубль кредит берган эди.

Усмоновнинг айтишича, ҳозирда у яна 300 млн рубль ажратади. Унинг компанияси РФИ билан ҳомийлик шартномаси тузиш имкониятини ишлаб чиқмоқда. Ҳомий сифатида “Мегафон” чиқиши мумкин.

Усмонов РФИга тақдим қиладиган умумий пул РФИнинг Капелло олдидаги барча қарздорлигини қоплайди.

Капелло билан шартномани бекор қилиш бўйича кейинги музокараларни Россия Спорт вазири Виталий Мутко олиб боради.

Капелло шартномасига кўра, шартноманинг бир томонлама бекор қилиниши ҳолатида РФИ мураббийга 21,6 млн евро тўлаши керак бўлади.

Бироқ РФИ васийларидан бири Капелло тавон пули сифатида бир йиллик маошидан кўпроқ пул олиши даргумонлигини тахмин қилди: терма жамоа кўрсатаётган паст натижалар Россиянинг спорт судида ўз позициясини ҳимоя қилишига имкониятларини оширади.