Яқин вақт ичида хорватиялик ҳужумчи Марио Манжукичнинг "Ювентус" жамоасига ўтгани ҳақида расман маълум қилинади.
Шу тариқа, ушбу 29 ёшли футболчи учинчи марта кетма-кет олдинги мавсумни ЕЧЛ финалидаги омадсизлик билан якунлаган жамоа сафига бориб қўшилади.

Эслатиб ўтамиз, Манжукич 2012 йилда "Бавария"га ("Вольфсбург"дан), 2014 йилда "Бавария"дан "Атлетико"га келишидан олдин бу жамоалар ЕЧЛ финалларида "Челси" ва "Реал"дан мағлуб бўлишганди. Якунланган мавсумда эса унинг янги жамоаси "Ювентус" "Барселона"га ЕЧЛнинг финал учрашувини бой берди.

Манжукич Туринда тиббий кўрикдан ўтиб бўлган, унга янги жамоада йилига 3,5 млн евролик маош тайинланган. Футболчини трансфер қилиш учун "Ювентус" "Атлетико"га 18 млн евро тўлаган.