Ўзбекистон Аёллар футболи ассоциацияси ва Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда аёллар футболини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йил 22 июндан 28 июнгача Тошкент олийгоҳларининг талаба қизлари ўртасида илк маротаба футбол турнири ўтказилмоқда. Ушбу мусобақа Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги спорт соҳасига оид сермаҳсул ҳамкорликнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Турнирда қуйидаги олийгоҳларнинг талаба қизларидан иборат футбол жамоалари икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этишмоқда: Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари Университети (ЎзДЖТУ), Тошкент Давлат Педагогика Университети (ТДПУ), К. Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент Ахборот Технологиялари университети (ТАТУ) ва И.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети филиали.

Гуруҳ босқичи (22.-24.06.2015) ва ярим финал (26.06.2015) ўйинлари Ўзбекистон футбол федерацияси биноси олдидаги «Kelajak futbol poydevori» спорткомплекси ҳудудида бўлиб ўтади.

Турнирнинг финал ўйини ва тантанали ёпилиш маросими эса 2015 йил 28 июнь куни соат 19:00да “Бунёдкор” марказий стадионида бўлиб ўтади. Финал ўйинига бепул чипталарни “Бунёдкор” стадионининг маркетинг бўлимидан (тел. 230-93-39) ёки Германиянинг Тошкентдаги элчихонасидан (Ш. Рашидов кўчаси, 15) олиш мумкин.