"Челси" жамоаси хўжайини Роман Абрамович Петр Чехнинг "Арсенал"га ўтишига хайрихоҳлик билан муносабатда бўлган.

У чехиялик бу дарвозабон билан учрашган ва жамоада ўтказган 11 йиллик фаолияти учун унга миннатдорчилик рамзи сифатида 4 млн фунт тақдим қилган. Шунингдек, унга ўзи истаган жамоага йўл олиши мумкинлигини билдирган.

Бу вақтда эса жамоа бош мураббийи уни таркибда иккинчи дарвозабон сифатида олиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилган. Моуриньо айниқса, Чех "Челси"нинг АПЛдаги асосий рақибларидан бири бўлмиш "Арсенал"га ўтишига рози бўлмаган.

Маълумот учун, охирги мавсумда ўзининг асосий таркибдаги ўрнини бельгиялик ёш дарвозабон Тибо Куртуага бой бергач, 33 ёшли Петр Чех янги мавсумдан бошқа жамоада ўйнашга қарор қилди.

Охирги хабарларга кўра, Чех 11 млн фунт эвазига "Арсенал"га трансфер қилинган, бу ҳақда яқин вақт ичида расман эълон қилинади. Чех "Арсенал"да ёзги трансферлар вақтида "Фенербахче"га йўл олиши кутилаётган Давид Оспина ўрнини эгаллайди.