Бутун дунёга машҳур украиналик мураббий марҳум Валерий Лобановский томонидан футбол тактикаси ҳақидаги китоб Италияда чоп этилганида уч соат давомида сотилиб кетган экан.

Қуйида матбуот билан жуда кам алоқа қилганлиги сабаб “баджаҳл айиқ” таҳаллусини орттирган буюк мураббийнинг футбол ҳақидаги фалсафий фикрларини тақдим этамиз.

- Мураббий ўйин "схемаси"ни ўзида мавжуд футболчиларга қараб туза олмайди. Бу жиҳат беъмазмун ва келажаксиздир. Тараққиёт эса, мураббий ўйин моделини олдиндан тасаввур қилиб, шунга яраша ижрочиларни танлаганидагина бўлади.

- Тўпни қабул қилиб, ярим жамоани алдаб ўтиш – индивидуал маҳорат дегани эмас. Қийин вазиятда қолиб, сонияларда тўғри хулоса қабул қила олиш – индивидуал маҳоратдир. Мен умуман дриблинг кўрсатмасдан ҳам жамоа учун керакли ўйинчи бўлиш мумкин, деб ҳисоблайман.

- Кўпчилик, Лобановский футболдаги кўп ғояларни ўйлаб топган, дейишади. Мен ҳеч қачон ҳеч нарсани ўйлаб топмаганман. Мен фақат ўқидим, ўқидим ва яна ўқидим. Кимнидир ғоясидан нусха кўчириш – кераксиз машғулот. Мураббийлик касби мазмуни эса, барчадан олдинда бўлишда.

- Мураббийлардан бири - жаҳон чемпионатида бирор янгиликни кўрмадим, деганида унга кўзойнак тақишни маслаҳат беришди. Мен ҳам шундай деган бўлардим. Ҳақиқий мураббий замонавий тамойилларни эътибор билан кузатиб бориши, янгиликлардан бохабар бўлиши зарур. Ҳар мавсумда доимгидек бир ҳил услубни қўлламаслик керак.

- Ўйин ёддан чиқади, натижаси эса абадий қолади. Футболнинг бор мазмуни натижададир.

- Журналистлар ўзлари етарли билимга эга бўлмаган ҳолда футболчи ва мураббийларга жиддий таъсир ўтказишади. Соҳа эгалари ўз мақолаларини “менинг фикримча” деб бошлашлари лозим. Журналистларнинг ўз нуқтаи назарларини ўқувчиларга сингдиришга қилган ҳаракатлари менга умуман ёқмайди.

- Футболдаги сўнги инқилоб 1974 йили содир бўлган. Менимча тотал футболдан кучлироқ нарсани энди ўйлаб топа олмасалар керак. Футбол голландлар кўрсатган эволюцион ривожланиш йўлида ҳали узоқ йўл босиб ўтади.

- Мураббий бутун умри давомида ўқиши - изланиши лозим. Ким ўрганмай қўйдими – у мураббий эмас. Вақтни алдаб бўлмайди

- Мен урф (мода) кетидан қувадиганлар тоифасидан эмас, балки ақлга суяниб иш кўрадиганларданман.

- Бошида мен футболга кучли ақлий меҳнатдан дам олдирадиган машғулот сифатида қарар эдим.

- Ёшлигимдан ўзимни ички ҳиссиётларни барчага ошкор этмасликка ўргатдим.

- Мураббийни барча футболчиларга бирдек ёқмаслиги аниқ. Бу жиҳатни тасаввур этиб ҳам бўлмайди..

- Ўзгалар муваффақиятини хотиржам қабул қилиш керак. Ҳасад қилаяпсанми – меҳнат қил ва маблағ топ. Афсуски, бизнинг менталилетимиз ҳали у даражада юқори эмас.

- Фаолиятимдаги энг аламли мағлубият қайси дейсизми? Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Мен ғалаба ва мағлубиятларни ажратиб ўтирмайман, чунки бу жиҳатлар жараённинг бир бўлагидир.

- Мураббийлик ўйинчи бўлишдан кўра қийинроқ. Майдонда сен тўпни бошқарасан, майдон четида эса инсонларни бошқаришга тўғри келади.

- Футбол ривожланишига мухлислар “юлдуз” деб атайдиган ўйинчилар катта зарар етказади. Улар машғулотларда янада кучлироқ бўлиш учун шуғулланиш ўрнига ўз иқтидорларини эксплуатация қиладилар.

- Мен – мураббийман. Бу касб – ҳаётим мазмунидир.

Элмурод ЭРМАТОВ

Манба: www.uff.uz