Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Дилшод Нуралиев Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг катта мураббийи сифатида иш бошлайдиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон терма жамоаларининг сўнгги ўйинларини ўта муваффақиятсиз ўтказганлиги тўғрисидаги масалаларга бағишланган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

ЎФФ матбуот хизматининг ёзишича, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини Осиё чемпиони қилган Дилшод Нуралиев Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг катта мураббийи этиб тайинланди. Нуралиев ЎФФ билан шартнома имзоланиши билан «Пахтакор» жамоасидаги вазифасидан озод этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралашидаги иштирокини ҳам ўта қониқарсиз деб баҳоланган. Натижада Бахтиёр Ашурматов ўз аризасига кўра, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнини «Пахтакор» футбол клубида турли лавозимларда ишлаб келган Виктор Жалилов тайинланганди.