Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят ходимлари! Барчангизни кириб келган рамазон ойи билан муборакбод этаман. Ҳар биримиз рамазон ойининг нафақат рўза, тоат-ибодат, балки эзгулик, меҳр-оқибат, хайрли амаллар ойи эканини биламиз. Газета саҳифаларда ана шу мавзуда мутахассисларимиз, муҳтарам уламоларимизнинг ахлоқий ва маърифий руҳдаги мақолалари чоп этилса нур устига нур бўларди.

М.Имомов, Тошкент шаҳри

Гўзал диёримизда эзгулик, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш Рамазони ширифнинг файзу шукуҳи кезиб юрибди. Муҳтарам Юртбошимизнинг 2015 йил 16 июнда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ушбу ойнинг мамлакатимизда янада кўтаринки руҳда ўтиши учун замин яратди.

Юксак эътибор намунаси

Бугунги кунда Ўзбекистонимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиб, барча соҳаларда улкан ютуқларга эришаётганини, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни халқимиз авваламбор Яратганнинг марҳамати сифатида шукроналик ва розилик туйғуси билан қабул қилмоқда. Бу борада эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш катта аҳамият касб этади.
Шу боис Юртбошимизнинг мазкур қарорида Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш кўзда тутилган.
Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойининг моҳиятида инсонийлик, сабр-қаноат туйғулари, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга чорлаш, барча миллат ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик мужассам.
Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг табаррук қадамжолари ва зиёратгоҳларини ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Қутлуғ ойнинг гўзал фазилатлари

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир умр яхшилик қилинг ва Аллоҳнинг раҳмат шаббодаларига йўлиқинглар! Албатта Оллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шаббодалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади".
Рамазон ойиана шундай раҳмат шаббодалари эсадиган қутлуғ ой саналади. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади.
Бу ой унда Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Ҳадиси шарифларда айтилишича, бошқа пайғамбарларга ҳам айнан шу муборак кунларда муқаддас китоблар ва саҳифалар нозил қилинган экан. Бу ой тавба ва мағфират ойидир. Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичик гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар:“Кимки, рамазонни (унинг фарзлигига) ишониб ва савоб умидида тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади”(Имом Аҳмад ва Сунан соҳиблари ривоят қилишган).
Бу ой дўзахдан озод бўлиш ойидир. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган. Яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган баъзи бандалар Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинадилар.
Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади.
Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Мана шу бир кечада бажарилган эзгу амаллар саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади.

Рамазон – хайр эҳсон ойи.

Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайхис-салом Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар"(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳазрати пайғамбаримиз бу ойда хайр-эҳсонда, яхшиликда одамларга ибрат бўлган эканлар, биз ҳам ул зотдан ибрат олиб, вақтимиз, имкониятимиз ва куч-ғайратимизни асосан эзгу ишларга, меҳру оқибатга йўналтирмоғимиз зарур.
Атрофйга назар солайлик. Диққат қилсак, бизнинг меҳримизга, эътиборимизга эҳтиёж сезаётганларни албатта топамиз. Халқимизда “буғдой нонинг бўлмаса, буғдой сўзинг бўлсин” деган нақл бор. Динимизда эса, ширин сўз ҳам хайр-эҳсоннинг бир тури экани таъкидланади. Шу ўринда ҳазрат навоийнинг бир байтини эслаш ўринлидир:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.

Бир кишининг кўнглини олиш, дилига қувонч бахш этиш, Каъбани обод қилишдек мукаррам иш экан, бу имкониятни ҳеч биримиз қўлдан бермаслигимиз керак.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисининг оч ўтиришига рози бўлган киши чин мусулмон бўлолмайди. Бундай эзгу амалларни аслида ҳар куни, ҳар ким қилиши керак. Хусусан, Рамазон ойида эзгу, савоб ишлар қилишда бир-биримиз билан мусобақалашишимиз лозим.

Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имоми

Манба: Muxlis.uz