Олий Лига 14-турнинг марказий ўйинида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Қаршининг «Насаф» клуби устидан 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Қайд этиш жоиз, «Пахтакор»ни майдонга Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Самвел Бабаян бошлаб тушди.

Қизиқарли ва муросасиз курашлар остида кечган учрашувнинг биринчи бўлимида омад «Пахтакор» томонидан бўлди ва майдон эгалари буни таблода ҳам акс эттиришга муваффақ бўлишди.

Дастлаб дебютдаёқ – 7-дақиқада «Пахтакор» ҳимоячиси Аднан Ораховац ҳисобни очишга эришган бўлса, 23- ва 43-дақиқаларда ҳужумчи Игорь Сергеев дублни расмийлаштириб, Олий Лигадаги голлари сонини 11тага етказди.

Иккинчи таймда Рўзиқул Бердиев қўл остидаги «Насаф» вазиятни ўнглаш учун катта куч билан олдинга ўтди, бироқ қашқадарёлик футболчилар Александр Лобанов дарвозасини фақат бир марта, 57-дақиқада Илҳом Шомуродовнинг саъй-ҳаракатлари билан ишғол қила олишди, холос.

Шундай қилиб, «Пахтакор» очколари сонини 34та етказиб, пешқадамликни «Локомотив»дан қайтариб олди. Тошкент клуби биринчи давранинг сўнгги турида «Андижон» меҳмони бўлса, «Насаф» ўз майдонида «Машъал»ни қабул қилади.

Олий Лига, 14-тур учрашуви
26 июнь, жума
«Пахтакор» (Тошкент) – «Насаф» (Қарши) 3:1 (3:0)
Голлар: Аднан Ораховац (7), Игорь Сергеев (23, 43) – Илҳом Шомуродов (57).

Манба: uff.uz