Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян мамлакатдаги футбол клубларининг фан клублари фаоллари ва терма жамоа мухлислари билан учрашув ўтказди.

Учрашувни ташкил қилишдан асосий мақсад Ўзбекистондаги футбол ишқибозларини қизиқтирган масалалар, уларнинг муаамоларини фан клубларнинг фаоллари орқали эшитишдан иборат бўлди. Бундан ташқари терма жамоа ўйинларидаги мухлислик маданиятининг бугунги аҳволи ҳам учрашувнинг бош мавзусига айланди.

Тадбирда терма жамоалар бирор шахснинг эмас, халқнинг жамоаси эканлиги, шу сабабли ҳам жамоа футболчилари халқнинг далдасига муҳтож эканлиги алоҳида таъкидланди.

“Менинг вазифам ишқибозларнинг терма жамоага бўлган ишончини қайтариш, халқ ва федерация раҳбариятининг ишончини оқлаш”, - дейди Бабаян. “Аммо, бир киши - ҳеч ким. Менга бунда сизларнинг ёрдамларингиз керак бўлади”.

“Ўрганишнинг кечи йўқ. Ўрганишдан тортинмайман. Мураббийлар, футболчилар, журналистлар, мухлисларни эшитаман, улардан ўрганаман”, - деди Самвел Бабаян.

Бабаяннинг фикрича, “Ўзбекистонда футболнинг кейинги ривожи терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокига боғлиқ”. 

“Мен учун ҳар қандай фикр қадрли. Мен ҳаммани эшитишга тайёрман. Худо кўриб турибди, ниятим бир – терма жамоани ЖЧга олиб чиқиш”, - деди миллий терма жамоа бош мураббийи. 

“Менга ишонч билдирилдими, уни оқлаш учун боримни бериб ишлайман, зеро бу Ватанимизнинг бош жамоаси!”, - дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян

Самвел Бабаян 23 июнь куни Миржалол Қосимовнинг ўрнига Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган. Шундан сўнг у, терма жамоалар маркази ходимлари, ўзининг штабига кириши кутилаётган мураббий ва мутахассислар ҳамда журналистлар билан учрашув ўтказган эди.

Миллий терма жамоа мураббийлар штаби тасдиқлангач, Самвел Бабаян терма жамоа бош мураббийи сифатида матбуот анжумани ўтказади.

Самвел Бабаяннинг бош мураббий сифатидаги илк расмий учрашуви, ҳозирча, 3 сентябрь куни Яманга қарши ўйин бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон ва Осиё чемпионати саралаш баҳсларини 16 июнда Шимолий Кореяга қарши 2:4 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган. Бугунги кун ҳолатига қадар H саралаш гуруҳида 2 та ўйинда 6 очко жамғарган Шимолий Корея ва Филиппин терма жамоалари пешқадамлик қилиб туришибди/