Улардан бирлари шикоят қилди. Унда шундай сўзлар бор эди: “Менинг тўртта туғишганларим бор. Уларнинг ичида энг бойи менман. Лекин негадир қариндошларим сингилларимнинг зиёратига кўп келишади-да, менинг зиёратимга жуда кам келишади. Улар тўрттала синглимни ҳар куни зиёрат қилишади. Аммо мен қариндошларимни негадир жуда кам кўраман. Улар менинг зиёратимга жуда кам келувчидирлар.
Баъзида мен билан бир неча кунга узилишиб ҳам кетадилар. Ҳатто қариндошларнинг баъзисини умуман кўрмайман. Гўё улар мени ўз қомусларидан тушириб қолдиришгандек.
Баъзилари олдимга келишганда уларда дангасалик, ҳузуримда жуда кам туриш, тезда кетиб қолиш ҳолатларини кузатаман. Уларда мени зиёратимга келмасликларига, келсалар ҳам дангасалик билан, тезроқ кетгилари келиб туришига мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган, арзимас узрлар бўлади. Мен уларга нима деб жавоб берай?
Сингилларимга қараганда мен кўпроқ олдимга келганларга ҳадялар бераман. Бу гапим билан сингилларимни кам совға беради деб асло айбламоқчи эмасман. Лекин улардан кўра менинг кўпроқ совға беришимни ҳамма билади. Кўп кишилар қариндошларимга мени зиёратимга келишни маслаҳат беришади, насиҳат қилишади. Чунки, менда кўп яхшиликлар бор бўлиб, мени кўргани келганларга ўша яхшиликлардан, жуда кўп ҳадялардан улашаман. Шундай бўлишига қарамасдан улар мендан узоқлашишади. Аслида менсиз қариндошларимга ҳаловат бўлмайди. Бироқ, барибир келишмайди. Келишса ҳам, жуда кам келишади. Мени бунчалик ташлаб қўйишларининг сабаби нима? Мен ҳам ўша беш опа-сингилларнинг бири эмасманми?! Мен ҳам сингилларимга ўхшаб уларнинг қариндоши эмасманми?! Нега қариндошларим, яқинларим мени ўзларига улфат қилишмайди?! Нега ўзларининг дўстликларидан мени маҳрум қилишади?! Нега мен билан борди-келди қилишмайди?! Нега мени унутиб қўйишади?!”
Энди шу ўринда ушбу шикоят соҳибаси кимлигини билишимиз қолди. Бу барчамиз учун бениҳоя қимматли бўлган Бомдод намозидир. Унинг бу қадар фасоҳатли гапириши мени ҳайрон қолдирди. Мен эшитган энг ажиб, энг ёқимли ва шу билан бирга энг оғриқли шикоят мана шу бўлди. Агар ушбу шикоят сизга ҳам маъқул бўлган бўлса, яқинингизнинг шикоятларини қабул қилиб, унинг истакларини бажо келтиришга ҳаракат қилинг. Бундан буён борди-келдини астойдил йўлга қўйиб, уни тез-тез, ҳар куни зиёрат қилиб, ҳолидан хабар олиб, беҳисоб ҳадяларини олиб қайтинг. Уни бошқа туғишганларидан ажратиб қўйманг!


Нозимжон Иминжонов,
Тўрақўрғон туманидаги “Усмон Зуннурайн”
жомеъ масжиди имом ноиби

Манба: muxlis.uz