Бугунги кунда барчаларимиз муборак Рамазон ойида Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларидан баҳраманд бўлиб турибмиз. 

Муборак Рамазон ойида кўпроқ савоб ишларни қилишга, айниқса касб-ҳунар деҳқончилик, чорвачилик ва тижоратдан келадиган маблағлардан бўлган закотни адо этиш кўп фазилатли ишдир. Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди:
"Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир".
Закот динимизнинг беш арконларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир. Унинг жорий этилиш ҳикмати шундан иборатки, у туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, қолаверса закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.
“Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигига далолатдир.

Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз (сав) томонларидан қатъий белгилаб берилган.

Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни қирқдан бири демакдир.

Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.

Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закот бериладиган ўринларни аниқ баён қилиб берган.
“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”.
Айни пайтда юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам беришлик энг муносиб ўринлардан биридир.
Закот ота-она ва фарзандлар, шунингдек, эр билан хотин ўртасида бир-бирларига бериши мумкин эмас. Закотни кам таъминланган ака- ука, опа-сингил ва бошқа қариндошларга берса бўлади.
Закотни масжид ва турли ишлаб чиқариш корхоналарни қуришга ҳам сарфланмайди. Шунингдек, ўзи яшаб турган ҳудуд ва шаҳарда фақир ва мискинлар мавжуд бўла туриб, закотни бошқа жойлардаги муҳтожларга юбориш ҳам макруҳдир. Агар закот берувчининг яқин қариндошлари ёки ўта мискинлар бўлса закотни юбориш жоиздир.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, эътиборларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий йилдаги закот, фитр садақа ва фидя бўйича қабул қилинган қарорини ҳавола этамиз:
1. Закот нисоби 1 гр. тиллонинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 84.000 (саксон тўрт минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 гр. тилло ҳисобидан закот нисоби 7.140.000 (етти миллион бир юз қирқ минг) сўм эканлиги ва мазкур суммадан қирқдан бир ҳиссаси, яъни 178.500 (бир юз етмиш саккиз минг беш юз) сўм закот чиқариш тўғрисидаги хулосаси маъқуллансин.
2. Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 кг буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгилансин.
(Масалан 2015 йилда Тошкент шаҳар бозорида 1 кг буғдойнинг нархи ўртача 1.600 сўм бўлса, демак 2 кг буғдой нархи 3.200 сўм бўлади).
3. Фидя миқдори узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 10.000 (ўн минг) сўм деб белгилансин.

Манба: Muslim.uz / Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг расмий веб портали.