Гуллар шаҳрида моҳи маҳбуб нафаси

Lifestyle 05 Июль 2015 9981

Муборак Рамазон ойи мамлакатимизда, хусусан, Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда, ўзгача сурур билан давом этмоқда. Дарҳақиқат, она юртимиз жадал суръатлар билан тараққий этиб бормоқда. Мустақиллик йилларида исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар миллий-диний қадриятларини йўқотган халқимзга қайтариб берилди.

Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратилди. Муборак Рамазон ойининг кириб келиши вилоят аҳлига катта қувонч бахш этмоқда. Наманган вилоятида жами 186 та масжид бўлиб, уларнинг барчасида таровиҳ намозлари ўқилмоқда. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан тинглашмоқда.

Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларидан Наманган аҳлининг ҳурсандчилиги янада зиёда бўлди. Муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида тинчлик ва осойишталик неъматининг қадр-қиммати, шукроналик, ҳар бир оиланинг фарзанди баркамол авлод даражасида вояга етиши, бу олий мақсад йўлида уларга турли ёт ғояларнинг ғов бўлмаслиги ҳақида кенг маънода мазмунли таъсирчан суҳбат қилиб бердилар.

Суҳбат сўнгида муфтий ҳазратлари Аллоҳ таоло жонажон юртимиз Ўзбекистонга, хонадонларимизга, тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ато этишини, бошимиз узра меҳр-оқибат ва илму маърифат нурлари доимий ёғилишини, ушбу саодатли кунларда тутган рўзаларимизни ҳусни қабул айлашини ҳамда Ватанимизга ободлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга қут-барака беришини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

Манба: Muslim.uz

Кўпроқ янгиликлар