Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг фикрича, Қозоғистон билан Россия ўртасидаги ишончли муносабатлар бошқа ҳеч кимда йўқ.

“Менинг фикримча, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги бундай яқин, ишончли муносабатлар ҳеч кимда йўқ. Собиқ иттифоқ парчаланиб кетган 1991 йилдан бери бу муносабатларга ҳеч қандай доғ тушмаган”, деб айтди Назарбоев “Россия 24” телеканалининг “Формула власти” кўрсатувига берган интервьюсида.

Назарбоев, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Россиянинг қўллаб-қувватлаши эвазига ташкил этилганлигини таъкидлаб ўтди.

“Авваламбор Қозоғистон ва Россиянинг истаги билан яратилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи – бу тўғри интеграция ва биз тўғри йўналишда ҳаракатланмоқдамиз”, деб таъкидламоқда Қозоғистон президенти.

Шу билан бирга Назарбоев келажакда ушбу иттифоқ ҳақиқатда “Европа ва Осиё” бўлишини айтмоқда.

“Европа Осиёсиз яшай олмайди, Европага Россия, Қозоғистон, бизнинг захираларимиз керак. Бизга уларнинг фани, технологиялари керак, яъни биз бир-биримизни тўлдирамиз ва мен пайти келиб Евроосиё иттифоқи ҳақиқатда Европа ва Осиё бўлишига ишонаман. Ҳозирдаёқ шунга қараб кетилмоқда”, деб қўшимча қилиб ўтди Назарбоев.