Россиялик миллиардер Роман Абрамович унга тегишли яхта фонида селфи тарзида суратга тушиш пайтида жабрланган ёш йигитга ёрдам бериш учун ўз яхтаси экипажининг икки аъзосини ёрдамга юборди. Бу ҳақда Scotland Now нашри хабар бермоқда.

Нохуш воқеа Абрамовичнинг шотланд ороллари бўйлаб саёҳати давомида Арран оролига ташрифи пайтида рўй берди.

20 ёшли йигит болалар майдонидаги арғимчоқда туриб, ўзини Абрамовичнинг яхтаси фонида суратга олмоқчи бўлганда арғимчоқдан йиқилиб тушди. Абрамович йигитнинг йиқилиши оқибатида жиддий жароҳат олганини кўриб, унга яхтасидаги ходимларидан икки нафарини ёрдам учун юборди. Улар йигитнинг бўйнига тактахач (шина) қўйишди ва шифокорлар етиб келгунча унга кислород ниқобидан ҳаво бериб туришди.