ФИФА ижроия қўмитасининг собиқ аъзоси, Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси давлатлари футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) собиқ бош котиби, америкалик мутахассис Чак Блейзер футбол фаолиятидан умрбодга четлаштирилди. Ташкилот хабарномасида айтилишича, бу қарор ФИФА ахлоқ-одоб қўмитаси томонидан қабул қилинган.
Блейзер миллий ва халқаро даражада футбол фаолияти билан шуғуллана олмайди.
Қўмита Блейзернинг кўп бора мансабини суиистеъмол қилганини аниқлади. Жумладан, КОНКАКАФда ҳам, ФИФАда ҳам у пора ва норасмий тўловлар билан боғлиқ тизимларни яратишда марказий ўрин тутган.
Дисквалификация 2015 йилнинг 9 июлидан кучга киради. Блейзер 2013 йил майида фаолиятдан вақтинчалик четлаштирилган эди.