Сербиялик теннисчи Новак Жокович Уимблдон турнирининг чорак финалида Кевин Андерсонга қарши ўтказилган ўйини вақтида корт четида тўп узатиб бериб турган кўнгилли қизлардан бирига бақириб юборгани учун узр сўради. Бу ҳақда Dailymail хабар берган.

Маълум қилинишича, Жокович 8 июль куни ўтказилган ўйин вақтида корт четидаги қизлардан бирига баланд овоз билан бақирган ва ўзига сочиқ олиб келишни буюрган. Гувоҳларнинг айтишича, шундан кейин бу қиз ўйин тугагунига қадар қалтираган ҳолда ҳаракатланган.

Бугун у бу иш учун расман узр сўраган.

"Мен бу қилган ишим учун узр сўрайман. Мен ўша вақтда ичимдан келган жаҳлни чиқариб юборишим керак эди. Бахтга қарши ўша вақтда ўша ерда ўша қиз бўлиб қолди. Умид қиламанки, у мендан қаттиқ ранжимаган. Бу иш бўлганидан афсусдаман", дейди теннисчи.

Жокович болл-бойларни ҳурмат қилишини, ўзи ҳам болалигида шундай иш билан шуғулланганини билдириб ўтган.

Қайд этиш жоизки, шунга ўхшаш ҳодиса бу теннисчи билан аввал ҳам рўй берган. У 2015 йилнинг апрелида Майамида ўтказилган турнирда болл-бойлардан бирига бақирган ва кўп ўтмай, ундан узр сўраганди.