Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида 29 июнь куни бошланган Уимблдон турнирининг чорак финал босқичи якунланди. Эндиликда яккалик баҳсларида 8 нафар теннисчи қолган.

9 июль куни ўтказиладиган аёллар ўртасидаги ярим финал жуфтликларида Серена Уильямс (АҚШ) ва Мария Шарапова (Россия) учрашади. Иккинчи жуфтликда эса польшалик Агнешка Радваньска испаниялик Гарбинье Мугурусага қарши кортга чиқади.

Эркаклар ўртасидаги ярим финал баҳслари эса Рожер Федерер (Швейцария) - Энди Маррей (Буюк Британия) ҳамда Новак Жокович (Сербия) - Ришар Гаске (Франция) ўртасида кечади.

Федерер чорак финалда франциялик Жиль Симонни 1 соату 34 дақиқа давом этган баҳсда 6:3, 7:5, 6:2 ҳисобларида таслим этган. Мезбонлар вакили Маррей эса канадалик Васек Поспишилдан 6:4, 7:5, 6:4 ҳисоблари билан устун келган.

Ўз навбатида Ришар Гаске Стен Вавринка (Швейцария) ни, Новак Жокович эса Марин Чилич (Хорватия) ни мағлуб этган ҳолда ярим финалга чиққан.