"Ливерпуль" жамоасида 17 йил давомида ўйнаб, сардорлик қилган ва ўтган мавсумдан кейин жамоани тарк этиб, океанортига йўл олган Стивен Жеррард Раҳим Стерлингнинг жамоа билан мавсумолди турнесида иштирок этишга бормагани бўйича ўз муносабатини билдирди.

"Менга Стерлингнинг трансфери билан боғлиқ гап-сўзларнинг ҳеч бири ёқмаяпти. Менимча, бу ўринда Стерлинг ортиқча гап-сўзларсиз иш тутса ҳам бўларди. Бундай вазиятда у ўзини ҳақиқий эркаклардек тутиши керак эди.

Раҳим жамоа раҳбарияти билан очиқчасига гаплашиб, ўзи нимани истаётгани ҳақида маълум қилиши керак. У турнега бормасдан мухлисларнинг ярасини яна бир бор тирнаши шарт эмасди.

"Ливерпуль"нинг миллионлаб мухлислари уни жамоа либосида кўришдан бахтиёр бўлишарди. У эса мухлислар билан адолатсиз муносабатда бўлди", дейди Жеррард Sky Sports нашрига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Стерлинг "мерсисайдликлар" билан яна 2 йиллик шартномаси борлигига қарамасдан, ўзи истаган маош берилмаётгани туфайли жамоадан кетишни истамоқда.

Футболчига "Манчестер Сити" томонидан жиддий қизиқиш мавжуд ва "шаҳарликлар" уни сотиб олиш учун икки марта, 25 ва 40 млн фунтлик таклифлар беришган. Лекин, "Ливерпуль" унинг трансфер суммаси 50 млн фунт эканини билдирган ҳолда, бу таклифларни рад этган.