Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақиқатдан севасизми? Имтиҳонга тайёрмисиз?

Lifestyle 11 Июль 2015 17729

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

«Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31 оят).

Эътибор беринг, барчамизда «Аллоҳни севаман» деган даъволаримиз бор, Аллоҳга муҳаббатим чексиз, деймиз. Аммо, ушбу муҳаббатнинг изҳори нимада экан? 

Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг изҳори, мужаллад-мужаллад китобларни ёзиш билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат билан ўз ифодасини топар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўйсунаётган инсоннинг Аллоҳга муҳаббати бор, десак бўлар экан.

Аллоҳ таоло - Мени севаман десанг, Менинг ҳабибимга бўйсунасан демоқда. Мана, Аллоҳ таоло Ўз Расулининг мақом-мартабасини бизга изҳор қилишининг намунаси. Агар Расулимга эргашмасанг, муҳаббатинг ёлғон, муҳаббатинг сохта, демоқда. Аллоҳ, Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунганимиздагина бизга муҳаббат қўяди. Аллоҳ таоло муҳаббат қўйган банда қиёмат куни жаннатга кириш ва Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўлади. Шу дунёдаги мукофоти эса - Аллоҳ таоло ўз Расулига эргашган бандасининг гуноҳларини кечаман демоқда ва ўзининг умидбаҳш бўлган «Ғофур» – ўта мағфиратли ва «Роҳийм» – ўта раҳимли сифатларини айтиб башорат бермоқда.

Аллоҳ таолонинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат инсонни қандай ишларни қилишликка олиб бориши мумкин? Келинглар, бу тўғрисидаги мисолларни келтириб ўтайлик.

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтожлик етди. Бу муҳтожликдан бир неча кун давомида егулик бўлмади. Бу ҳабар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга етиб борди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бу нарсани кўтара олмадилар. Кўчага чиқиб, меҳнат қилиб бирор нарса топиб келиш учун хизматга бордилар. Бир яҳудийнинг қўлига мардикор бўлиб ёлландилар. Унинг боғини 17 челак сув билан суғориб бердилар. Яҳудий ҳар бир челаги учун биттадан ҳурмо бераман деди ва ҳазрати Алий рози бўлдилар. Яҳудий ҳурмоларни кўрсатиб, хоҳлаганингни танлаб ол, деганида, Ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу ажва ҳурмосини танлаб олдилар. Ўша ҳурмони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Алий розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам ночор ҳаёт кечираётганларини билардилар. Шундан ҳайрон бўлиб: «Эй Алий, буни қаердан олдинг?», деб сўрадилар. Ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу эса, сизга етган муҳтожликни кўтаролмасдан, бировнинг боғини суғориб бу ҳурмоларни олиб келдим, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Алий бу ишни Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббатинг туфайли қилдингми?», дедилар. Ҳазрати Алий - ҳа, шундоқ қилдим, дедилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, энди тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай муҳтожликлар етадики, ҳудди сел ёққанида юзи қандай ҳўл бўлиб кетса, шундай камбағалликлар етади. Кимки, Аллоҳ ва Унинг расулига муҳаббат қўядиган бўлса, тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай балолар келадики, ўша балоларга у қалқон бўлиб туриб беришига тўғри келади», дедилар.

Мана шу гапни эшитганидан кейин, анча-мунча одам, агар ундай бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўйишга ҳожат йўқ экан-да, деб юборади. Лекин, Ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу бундан ҳурсанд бўлдилар, бу сўзлардан кейин кўзларига ёш олдилар. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қўйганларнинг бошига бундай синовлар тушиши муқаррар. Чунки бу муҳаббат синовсиз бўлмайди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир инсон оддий бир инсонга муҳаббат қўйса, унинг бошига қанчалар мусибатлар тушади. Яқиндагина бир ёш йигит олдимга келиб, йиғлагудек бўлиб, бир қизни севиши, қиз камбағал оиладан эканлиги, йигитнинг оиласи бой эканлиги айтди. Ота-онаси у қизни олиб беришликка қарши экан. Йигитни айтишича, у ўз ота-онаси бориб турадиган фолбиннинг ёнига бориб: «Агар ота-онам сизнинг олдингизга яна келишса, сиздан илтимос, уларга - фарзандингиз ўша қизга уйланмаса, ўғлингиз расво бўлади, деб фол очиб беринг», дебди. Бир қизга бўлган муҳаббати, бир инсонни иймонидан айиришга олиб боряпти. Йигитнинг улфатлари эса, ўша қизнинг номусига тегсанг, қиз эса сени устингдан шикоят ёзса, ота-онанг иложсизликдан у қизни олиб беришга мажбур бўлади, деб маслаҳат берибдилар. Яхши ҳам, озгина иймони бор экан, менга: «Домла, ўртоқларим шундай маслаҳат беряпти, мен нотўғри бўлса керак деб ўйлаяпман, сиз нима дейсиз?», деб сўради. Буни қаранг! Бир қизга бўлган муҳаббат қандай ишларни қилишгача олиб бормоқда.

Энди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат имтиҳонсиз, синовсиз бўладими?

Баъзи бир инсонлар: «Намоз ўқисам, рўза тутсам, Қуръон тиловат қилсам, ибодатларни адо этсам - лекин ҳамон ишларим орқага кетяпти», «қизларимнинг баҳти очилмаяпти», «ўғилларим ўттизга яқинлашиб қолди, уйлантиролмаяпман», «қайси ишга қўл урсак юришмайди» ва бошқа шунга ўхшаш муаммоларни айтишади. Уларнинг намоз ўқиши, рўза тутиши ва бошқа амалларни қилишлари, ўша балоларни келишига сабабчи эмасми? Нима учун? Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатингиз сизни намоз ўқишингиз, рўза тутишингиз, тиловат қилишингизга сабаб бўлмоқда. Шунинг ҳисобига сизга балолар келмоқда. Буни ҳурсанд бўлиб, шодлик билан кутиб олиш керак. Нимага? Чунки, менинг муҳаббатимнинг самараси ўлароқ, Аллоҳ менга шу синовларни юборяпти, деб кутиб олиш керак. Агар муҳаббатингиз бўлмаганида, бошингизга Аллоҳ синовларни юбормаган бўларди.

Қанчадан қанча мушриклар, кофирлар, мунофиқлар кайфу-сафо қилиб, ялло қилиб яшаяпти. Нима учун? Чунки уларга бу дунёда имтиҳон йўқ. Чунки улар имтиҳон бўлаётган хонага ҳам киролмайди. Имтиҳон бўлаётган хонага кириш учун «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан расулуллоҳ» калимаси керак. Улар имтиҳонга яқинлашолмайди ҳам! Дарвозасидан ҳам киролмайди! Унда нима учун: «улар маза қилиб яшаяпти, биз эса ибодатларни қилиб қийналаяпмиз», дейишимиз керак?!

Бир талаба имтиҳонга ўзи ҳавас қилиб борадими? Агар имтиҳонни хоҳламаса, имтиҳон топширмасдан кўчада юраверсин эди. Талаба ҳужжатини топширади, бир ўринга ўнта талаба талашиб туради - мен киришим керак, деб. Бор будини сарф қилиб бўлса ҳам, шу имтиҳондан ўтишга ҳаракат қилади. Лекин кимлардир кўчада кайф-сафосини қилиб юрибди, ўқишга ҳаракат ҳам қилмайди. Агар сизни унга ҳавасингиз келса, олийгоҳнинг эшигидан кирмасдан, ҳужжатларни топширмасдан, имтиҳонга кирмай ялло қилиб юраверинг эди. Ўзингиз илтимос қилиб бордингиз ахир!

Имтиҳонга киришни бутун вужудингиз билан талаб қиляпсизми, демак сиз «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан очиладиган эшикни, ўзингиз илтимос қилиб очдингиз, мўмин-мусулмон бўлдингиз. Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббатим бор деб даъво қиляпсизми - энди имтиҳонга чиданг, сабр қилинг! Келиб, «Дод!», деб юборманг! «Қийин бўлиб кетди...», «у бўлмай қолди, бу бўлмай қолди...», «Нима қиламиз энди, яшашга қўядими ёки йўқми?», деманг!

Мўминмисиз – яшанг! Иймонингиз борми – чиданг! Сабр қилинг!

Ҳудди шундай, саҳобалар ҳам Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Ё, Расулуллоҳ, кофирларни дуоибад қилинг», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шошилманглар. Сизлардан олдингиларнинг гўштларини темир тароқ билан шилиб, суягигача ажратиб тараганларида ҳам, иймонидан қайтмаганлар, шошилманглар, шошиляпсизлар», деганлар.

Бизларни эса, арзимас имтиҳонларга чидолмасдан, муҳаббатимиз синовдан ўтолмасдан қолаётганларимиз кўп.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши келиб «Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қиёматга нима тайёргарлик кўрдинки, уни сўраяпсан?», дедилар. Ўша саҳоба: «Ё Расулуллоҳ, менинг қиёмат учун Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Сен кимни севсанг, қиёмат куни ўшалар билан бирга бўласан», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Сен кимни севсанг ўшалар билан бирга бўласан», сўзларини эшитганда ҳурсанд бўлганчалик, ҳеч қачон ҳурсанд бўлмагандик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севаман, Абу Бакрни севаман, Умарни севаман ва қиёмат куни улар билан бирга бўлишни умид қиламан», дедилар (Икки шайх ривоят қилганлар).

Мана шуни эшитгандан кейин, ҳаммамиз ҳам айтишимиз керак: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севаман, Абу Бакрни севаман, Умарни севаман, Усмонни севаман, Алийни севаман, Анас ибн Моликни севаман» ва улар билан бирга бўлишни биз ҳам хоҳлашимиз керак. Шундагина ҳақиқий муҳаббат бўлади. Анас ибн Моликнинг қобилиятларини, иқтидорларини, тадбиркорликларини қаранг. Жойида жавоб бердилар, уларни севишларини билдирдилар. Биз ҳам шундай бўлишимиз керак. Ана шундай муҳаббат эгалари бўлсак, иншаАллоҳ нажот топамиз.

Бошқа бир ривоятда: «Талҳа ибн Барро розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёпишиб оёқларини ўпдиларда: «Ё Расулуллоҳ мен сизни шундай севаманки, мени қандай ишга буюрсангиз шуни қиламан», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни синамоқлик учун: «Бориб отангни ўлдир», дедилар. Талҳа ибн Барро розияллоҳу анҳу шартта ўгирилиб, оталарини ўлдириш учун кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўхта, мен силаи раҳмни узишлик учун келмаганман, бу ишингдан қайт», дедилар.
Синовни қаттиқлигини қаранг! Имтиҳонни қаранг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Талҳа розияллоҳу анҳунинг муҳаббатларига қандай жавоб бердилар? Талҳа розияллоҳу анҳу бетоб ётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини зиёрат қилдилар ва бу касаллик Талҳа розияллоҳу анҳуни олиб кетишини билдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аҳлларига, агар Талҳа ҳақида бирор ҳабар келса менга ҳабарини беринглар, дедилар. Кечга яқин Талҳа розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳабари келди ва кеч бўлиб қолганлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтишмади. Ертаси куни саҳар вақтида Талҳа розияллоҳу анҳу вафотларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтганларида, қишнинг совуқ кунида, саҳарда Талҳа розияллоҳу анҳуни жанозаларига бордилар ва унда саф тортиб турилганда: «Эй Роббим, Талҳага табассум қилиб турган ҳолатингда Талҳани ўзингга йўлиқтиргин ва Талҳа ҳам сенга табассум қилган ҳолатида, Ўзинг билан қовуштиргин» деб дуо қилдилар.

Нимага шундай дуо қилдилар? Чунки, ҳатто ўлаётган вақтларида ҳам Талҳа розияллоҳу анҳунинг илтимосларига эътибор беринг. У киши: «Мени тезроқ кўминглар, Роббим билан мени тезроқ учраштиринглар. Тезроқ дафн қилинглар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жанозамга чақирманглар. Чунки у зот жанозамга келаётганларида, йўлда бирор бир яҳудий уларга мен сабабли зарар бериб қўйишидан қўрқаман», деган эканлар. Мана шу ҳақиқий муҳаббатдир.

Исҳоқ Муҳаммад
«Тўхтабой» жомеъ масжиди имом хатиби
(Робиул-аввал ойига бағишланган жума мавъизасидан)

Манба: ummat.uz

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 36394 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 76337 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11736 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 142692 Жамият
«Уэмбли»нинг дебюти ва стартда турган кучли учлик. Ҳафтанинг ўтказиб юбориб бўлмайдиган учрашувлари ҳақида
11:08 5 Спорт
Бундестагда Берлиннинг Москвага нисбатан сиёсати хато деб аталди
11:04 44 Жаҳон
Мирзо Улуғбек туманида маъмурий назорат қоидаларини бузган шахс қўлга олинди
10:46 422 Жамият
Австралия бош вазири Барселонадаги теракт туфайли махсус стратегия ишлаб чиқилишини маълум қилди
10:40 202 Жаҳон
Бразилияда мушт қилиб турган қўл кўринишидаги булут одамларни хавотирга солди
10:36 2851 Жаҳон
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 2139 Lifestyle
Кўпроқ янгиликлар