Қирғизистон Ҳиндистоннинг БМТни ислоҳ қилиш ҳақидаги ғоясини қўллаб-қувватлайди

Жаҳон 12 Июль 2015 1881

Қирғизистон БМТда ислоҳотлар ўтказиш бўйича Ҳиндистон томонидан таклиф этилган ғояни тўла маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Алмазбек Атамбаев 12 июль куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан ўтказилган учрашувдан кейин маълум қилди.

Айни вақтда Нарендра Моди Қирғизистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бишкекда у Қирғизистон президентидан ташқари мамлакат бош вазири Темир Сариев ҳамда парламент спикери Асилбек Жээнбеков билан ҳам учрашди. Ушбу учрашувлар якунида икки томонлама илм-фан ва маданий соҳаларда битимлар имзоланиши кутилмоқда.

"Биз ҳудудий ва халқаро доираларда доимий равишда ҳамкорлик қиламиз. Хусусан, БМТ доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилдик", дейди Атамбаев.
Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон ва Ҳиндистон барча масалаларда умумий фикрга эга ҳисобланади.

Ўз навбатида Нарендра Моди БМТ ташкил топганининг 75 йиллиги муносабати билан бу ташкилот инсонпарварлик масалалари бўйича жиддий иш олиб бориш кераклигини таъкидлаган.

Давлат раҳбарларининг тор доирада ўтказилган учрашувида узоқ муддатга ҳамкорлик қилиш, хусусан, Афғонистонда тинчликни сақлашга қаратилган ҳамкорлик юзасидан фикрлар алмашилган.

Учрашувда, ҳиндлар етакчиси икки томоннинг иқтисодий соҳаларда ҳам ҳамкорлиги юзасидан таклифлар билдирган.

"Ҳиндистон ва ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) ўртасида эркин савдо бўйича келишув мавжуд. Бу келишувга кўра тузилманинг янги аъзоси Қирғизистон Ҳиндистон билан иқтисодий алоқларни кенгайтириши мумкин. Икки давлатнинг иқтисодий ҳамкорлиги бўйича катта ишларни амалга оширса бўлади", дейди Нарендра Моди.

Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми ўтган йилда 40 млн долларни ташкил этган.

Кўпроқ янгиликлар