Россиянинг Владимир вилоятидаги Гусь-Хрустальний шаҳрида кросс-кантри-триатлон бўйича ўтказилган “Баринова роша-2015” мусобақаларида 41 ёшли спортчи Сергей Фомин вафот этди. Спортчи 150 метрлик масофага сузиш, 6,5 км.лик велокросс, 1,5 км.лик югуриш бўйича мусобақаларни ўз ичига олган қисқа масофадаги пойгада иштирок этаётганда мусобақанинг биринчи босқичи – 150 метрлик масофага сузаётганда маррага бир неча метр қолганда аҳволи ёмонлашган. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

“Мусобақа бошида ҳамма сувга ташланди. Сувда одам кўп бўлгани учун қутқарувчилар унинг ёнига етиб боришлари қийин бўлди. Қутқарувчилар унинг ёнига етиб келишганда, спортчи жонсиз ҳолда бўлгани қайд қилинди”, деб айтмоқда Владимир вилояти бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Екатерина Шулаева.

Нохуш воқеадан кейин мусобақалар тўхтатилди. Аниқланишича, спортчилар мусобақага тиббий кўрикдан ўтказилмаган ҳолда қўйилган.