Тошкент шаҳрининг Миробод туманида истиқомат қилувчи Жўраевлар оиласини алдаб, улардан 4 минг доллар пул олган фирибгар бошқа сабаб билан қамалиб кетди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси ёзмоқда.

Келтирилишича, Жўраевлар оиласи – Мирза ва Гулнора фарзандлари Хуршиднинг икки йил кетма-кет Тошкент темир йўллар ва муҳандислик олийгоҳига кира олмаётганидан хавотирга тушиб, қўшнилари Раҳима Қодирова орқали ўзини масъул шахс деб таништирган Мирзаакбар Маҳмудов билан танишишган. Маҳмудов уларнинг ишини 6 минг долларга ҳал қилиб беришини, бу пулнинг 60 фоизини олдиндан бериш кераклигини айтган. Эр-хотин 11.6 млн сўмни 4 минг долларга ҳисоблаб унга беришган.
Аммо имтиҳон куни Хуршидга ҳеч ким ёрдам бермаган. Имтиҳон натижалари чиққанида эса у яна талаба бўла олмагани маълум бўлган.

Жўраевлар вазиятни аниқлаштириш учун Маҳмудовнинг уйига боришган. Мирзаакбарнинг эшикни очган рафиқаси эри яқинда бошқа бир сабаб билан қамоққа тушганини айтган.
Бундан ташқари, Маҳмудовнинг масъул шахс эмаслиги, балки муқаддам тўрт маротаба судланган фирибгар эканлиги аниқланган.