Италия президенти Серджо Маттарелла Италиянинг биринчи фазогир аёли Саманта Кристофореттини “Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун” Катта хоч ордени билан тақдирлади, деб хабар бермоқда Италия президенти матбуот хизмати.

Фазогир аёлни Италиянинг энг олий мукофотларидан бири билан тақдирлаш маросими 20 июль куни Римдаги Квиринал президент саройида бўлиб ўтди.

Кристофоретти коинотга парвоз қилган биринчи италиялик ва Европа коинот агентлигининг (ЕКА) учинчи фазогир аёли бўлди. 2014 йилнинг ноябрида Кристофоретти россиялик фазогир Антон Шкаплеров сардорлиги остида Союз ТМА-15М кемаси асосий экипажининг бортмуҳандиси сифатида Халқаро коинот станциясига парвоз қилди. Кристофоретти ушбу экпедиция давомида парвоз давомийлиги бўйича аёллар ўртасида рекорд натижа ўрнатди, яъни у 199 кун 16 соат 42 дақиқа давомида парвозда бўлди. Шу билан бирга Кристофоретти ЕКАнинг энг узоқ давом этган парвозни амалга оширган фазогирига ҳам айланди. Италиялик фазогир аёл 2015 йилнинг 11 июлида Ерга қайтиб келди.

Италия президенти Кристофореттини юқори мукофот билан тақдирлаш давомида Халқаро коинот станциясидаги фаолиятни “халқаро ҳамкорликка тенг йўқ мисол эканлигини” таъкидлаб ўтди.