АҚШ ва унинг аксилтеррорчилик коалицияси бўйича иттифоқдошлари “ИШИД” террорчилик гуруҳига қарши операция ўтказилиши бутун даври давомида террорчиларнинг позицияларига 5 мингдан зиёдроқ авиазарба берган. Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обама Хорижий урушлар фахрийлари ташкилоти йиғилишидаги нутқи пайтида айтиб ўтди.

“60та давлатдан таркиб топган коалиция, жумладан араб давлатлари, “ИШИД”га қарши курашмоқдалар. Мен АҚШ Яқин Шарқда яна битта йирик қуруқликдаги урушга киришиши керак эмаслигига қатъий ишонаман. Бу бизнинг миллий хавфсизлигимиз, ҳарбийларимизга ёмон таъсир кўрсатади. Бироқ биз нима қила олсак, шуни қилмоқдамиз, яъни “ИШИД”га ҳаводан туриб зарба бермоқдамиз, ҳозирда бундай авиазарбалар 5 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда”, деб айтди Обама.

“Яқинда рўй берган душманнинг жанг майдонидаги йўқотишлари ИШИДни ютиш мумкинлигини кўрсатди. Биз курашни тугатишдан ҳали йироқдамиз, бу вақт талаб этадиган узоқ давом этадиган тадбир. Бироқ биз бу ваҳшиёна террорчилик ташкилотини батамом йўқ қиламиз, бунга шубҳаланмайман”, деб ўз сўзини якунлади Обама.

АҚШ ва унинг иттифоқдошлари “ИШИД”нинг Ироқдаги позицияларига 2014 йилнинг августидан, Суриядаги позицияларига 2014 йилнинг сентябридан зарба бериб келмоқда.

Пентагон маълумотларига кўра, июнь охирига келиб коалиция ҳаракатлари натижасида экстремистларнинг 7,6 мингта объекти – 98та танк, 472та ҳарбий база, 2 мингдан кўпроқ иншоот, 1,8 минг жанговор позицияси, 154та нефть инфратузилмаси объектлари ҳамда 3 мингта бошқа нишонлар йўқ қилинди ёки шикаст етказилди. 2015 йил 18 июнига қадар операция учун умумий ҳисобда 2,91 млрд доллар, яъни кунига 9,2 млн доллардан сарфланиб келинган.