"Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурида ўзбек халқининг кексаларни эъзозлаш бўйича кўп асрлик қадриятлари ва анъаналарини акс эттирадиган тўлиқ метражли бадиий фильм яратиш, шу билан бирга,  мазкур хайрли ишни давом эттирган ҳолда ҳар йили бош қаҳрамонлари кексалар бўлган камида битта бадиий фильм ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига мувофиқ "Санъат-маъно" киностудиясида тасвирга олинаётган комедия жанридаги "Баракасини берсин" бадиий фильмини ишлаб чиқариш жараёни якуний босқичга кирди.

Фарҳод Худойбердиев режиссёрлик қилаётган мазкур фильмда ўзбек халқига хос бўлган ҳалоллик, бағрикенглик, кексаларни ҳурмат ва иззат қилиш, ардоқлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибалари асосидаги насиҳатларига қулоқ тутиш, дуои фотиҳаларини олиш каби эзгу фазилатлар ҳамда тарихий қадриятларимиз ҳақида ҳикоя қилинади.

Картина бош қаҳрамонлари – Ҳайдар бува билан Шомирза кунларнинг бирида бозорда эчки сотади. Кутилмаганда эчки яна Шомирзаникига қайтиб келади. Аксига олиб, қаҳрамонлар эчкини харид қилган одамнинг исмини ҳам, қайси қишлоқда яшашини ҳам сўрамаган.

Нима қилиб бўлса-да ўзганинг омонатини ўзига қайтариш керак – улар ўйлай-ўйлай қочоқ эчкининг янги эгасини топиш ниятида йўлга чиқади. Бу жараёнда икки қария қизиқ ҳангомаларни, кутилмаган воқеаларни бошдан кечиради...

Фильмда Эркин Комилов, Фарҳод Абдуллаев, Толиб Мўминов, Ражаб Адашев, Мамасоли Юсупов, Жамила Ғофурова, Илмира Раҳимжонова каби таниқли ва ёш актёр-актрисалар суратга тушди. Ҳозирги вақтда фильмнинг монтаж ишлари якунига етиб, овозлаштириш жараёни давом этмоқда. Картина тақдимоти 2015 йилнинг куз фаслида бўлиб ўтиши режалаштирилган.