17 июлдан Россиянинг Чукотка мухтор вилояти ва АҚШнинг Аляска штати туб аҳолиси учун икки томонлама тартибда визасиз тартиб амал қила бошлади, деб маълум қилинмоқда Чукотка мухтор вилояти сайтида.

Ушбу ҳолат Беринг бўғози минтақавий комиссияси АҚШ томонидан Россия ва АҚШ ўртасидаги амалдаги “Беринг бўғози ҳудуди аҳолиси учун ўзаро ташрифлар бўйича келишув”га кўра визасиз тартибда Чукоткага ташриф буюрмоқчи бўлган Аляска туб аҳолиси вакилининг паспортига суқма варақ (вкладиш)ни беришга тайёрлигини эълон қилгандан кейин юзага келди.

“Пастпортга суқма варақ – бу фуқаро Россия-АҚШ ўртасидаги “Беринг бўғози ҳудуди аҳолиси учун ўзаро ташрифлар бўйича келишув”да кўрсатилган ҳудуднинг вакили эканини тасдиқлайди. АҚШ учун бу ҳудуд Аляска, Россия учун Чукотка ҳисобланади. Белгиланган ҳудудга сафарга отланган фуқаронинг ёнида паспорт ва бу варақ бўлиши керак”, деб изоҳ бермоқда бу ҳолатга Чукотка мухтор вилояти губернатори маъмурияти ва ҳукуматининг халқаро алоқалар бўлими маслаҳатчиси Матвей Михаленко.

Чукотка ва Аляска туб аҳолиси визасиз сафарга ўрнатилган ҳудуддан қариндошларининг таклифи билан жўнашлари мумкин бўлади. Амалдаги қоидаларга кўра, бу ҳақда қарама-қарши томоннинг ваколатли ходими 10 кундан кам бўлмаган муддат ичида ёзма равишда огоҳлантирилиши керак.

Қайд этилишича, Чукотка ва Аляска аҳолиси бошқа давлат ҳудудида 90 кундан кўп бўлмаган вақт давомида қолишлари мумкин бўлади.

Россияликлар учун 2012 йилдан бери АҚШнинг Тинч океанидаги Гуам ва Марианна оролларига визасиз ташриф буюриш тартиби жорий қилинган.