АҚШ Махсус хизматининг бир неча юзлаб ходимлари АҚШ президенти Барак Обаманинг Кения пойтахти – Найробига келишидан аввал мамлакатда мисли кўрилмаган даражадаги хавфсизлик чораларини кўришмоқда. Хизмат ходимлари Оқ уй бошлиғи сафарида чоғида унинг кортежи юрадиган қўчалар ва тўхташ жойларини кўзда кечириб чиқишди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар бермоқда.

Обаманинг хавфсизлигини таъминловчи ходимлар сони шунчалик каттаки, уларни Найробининг марказида жойлашган учта катта меҳмонхонада жойлаштиришга тўғри келди.

АҚШ Махсус хизматининг кўп сондаги ходимларини жалб қилишдан ташқари, Обама хавфсизлигини таъминлаш бўйича бошқа чоралар ҳам кўрилди – Найробига бир неча кун аввал АҚШ махсус хизматлари ходимлари самолётда махсус алоқа воситалари ва техника олиб келишди. Бундан ташқари, Кения соҳиллари яқинида бир нечта АҚШ кемалари жойлаштирилган.

Обама Найробида сафари давомида хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан дунёда энг яхши лимузинлардан ҳисобланадиган люкс синфидаги Beast лимузинда ҳаракатланади. Автомобилнинг ҳимояси катта калибрли қуролдан тўғри тегишга чидамли бўлиб, автомобиль салонида кимёвий ҳужум вазияти учун кислород ниқоблари мавжуд. Зирҳли машина кўзни ёшлатувчи газли пушкалар билан жиҳозланган. Автомобиль ичида зарурат туғилганда ишлатиш учун президентнинг қони солинган идишлар ҳам жойлаштирилади.

Кения ҳукумати ўз томонидан 10 минг полициячини, яъни мамлакатдаги бутун полициячиларнинг 25 фоизини ажратди. Шу билан бирган Кения ҳаво ҳудуди Обаманинг Найробига келишидан 50 дақиқа аввал ва у жўнаб кетганидан кейин 40 дақиқа давомида ёпиб қўйилади.

Обаманинг Африка бўйлаб сафари 23-28 июль кунлари бўлиб ўтиши мўлжалланган. Обама Кения ва Эфиопияга ташриф буюрадиган биринчи АҚШ президенти бўлади.