Буюк Британия ўз фуқароларининг Эронга боришига чекловларни қисман бекор қилди. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Буюк Британия ТИВ бу баёнотни Эрон ва халқаро воситачилар “олтилиги” Эроннинг ядровий дастури бўйича Венада келишувга эришганларидан икки ҳафтадан камроқ вақтдан кейин берди.

“Сафарлар бўйича тавсиялар янги ахборотларни ҳисобга олиб мунтазам қайта кўриб турилади. Бизнинг сиёсатимизга мувофиқ, биз таҳдид хавфи жуда катта бўлган ҳудудларга бормасликни тавсия қиламиз. Бизнинг фикримизча, бу тавсиялар Эроннинг баъзи ҳудудлари, шу жумладан Эроннинг Ироқ, Покистон ва Афғонистон билан чегаралари бўйлаб жойлашган ҳудудларга нисбатан ўз кучида қолиши керак. Бироқ биз Эроннинг бошқа ҳудудларида британияликларга нисбатан таҳдид даражаси Эрон президенти Руҳонийни мамлакатни бошқараётгани туфайли ижобий томонга ўзгарди, деб айта оламиз”, деб айтмоқда Буюк Британия ТИВ раҳбари Филип Хаммонд.

Бу ҳафтада Буюк Британия ТИВ жорий йилнинг охиригача 4 йил аввал ёпиб қўйилган ўзининг Теҳрондаги элчихонаси ишини қайта бошлаш имкониятини кўриб чиқаётгани маълум қилинганди.