Колумбия ҳукумати Колумбия инқилобий қуролли кучлари (FARC - Fuerzas Armadas Revolucionarias de Colombia) ташкилотининг объектларига ҳаводан зарба беришни тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда Ассошейтед Пресс хабар қилди.

Маълум қилинишича, 19 июль куни исёнчилар ўт очишни бир томонлама тўхтатиб, тинчлик сулҳи тузишни таклиф қилган.

Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос келгусида фақат ўзи рухсат берган тақдирда, исёнчиларнинг аҳоли тураржойларидан узоқда жойлашган базаларига ўт очиш мумкинлигини айтган.

Маълумот учун, FARC ўзини ҳарбий-сиёсий ташкилот сифатида эълон қилган бўлиб, "Бутун дунёда адолат тиклаш" шиори остида ҳаракат қилади. Бу ташкилот илк бор 1964 йилда Колумбия ҳукуматига уруш очган ва ўшандан бери давом этган қуролли можаролар оқибатида 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан бевақт кўз юмган.