Таниқли хонанда Юлдуз Абдуллаева “Оила даврасида” нашрига берган интервьюсида ўз ижодида ҳеч кимга тақлид қилмаганини таъкидлаб ўтди.
“Профессионал хонандаларнинг ижод йўли бир-бирига ўхшайди, – деди у мулоқот чоғида. – Қизиқиш эса болаликдан бошланади... Лекин санъатнинг катта йўлига тушиб олгач, ундаги жараёнлар турлича кеча бошлайди. Кимдир санъатда нимага қодирлигини исботлаш учун ижод қилади, кимдир тўсиқларни енгишга интилади. Аммо доим ижод билан машғул санъаткор бунга эътибор бермайди.
Санъатга кирганимга ўттиз йилдан ошиқроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳеч қачон ўткинчи гап-сўзларга эътибор бермаганман. Замон, қонун-қоидалар ўзгаради, ҳақиқий ижод эса яшайверади”.