100дан ортиқ мамлакат фуқаролари "ИШИД" гуруҳи томонида туриб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқда. Бу ҳақда Россия Федерал тергов бюроси директори Александр Бортников махсус хизматлар, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг XIV йиғилиши чоғида маълум қилди.

Бортниковнинг таъкидлашича, ушбу террорчи ташкилот бутун жаҳонда тарғибот соҳасида ташаббусни ўз қўлига олди, жаҳон ҳамжамияти эса тегишли чора-тадбирлар кўришда кечикмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, гуруҳ жангарилари, жаҳон ҳамжамиятининг паст фаоллигидан фойдаланган ҳолда, ўзларининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги позицияларидан туриб Европа ва Осиёни мўлжалга олмоқда ҳамда оғир турдаги қуролларни қўллаган ҳолда кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

“Янги тарафдорлар географиясининг кенгайиб бориши, “жиҳод”га чиқувчилар сонининг ошиб бориши, уларнинг этник ва ижтимоий келиб чиқишининг хилма-хиллиги шундан далолат берадики, "ИШИД" ташаббусни ўз қўлига олди, тарғибот жабҳасида фаол иш олиб бормоқда ва ўз кун тартибини жорий қилишга уринмоқда”, – хулоса қилди Бортников.