“Фаренгейт 9/11” ҳужжатли тасмаси муаллифи Майкл Мур олти йилдан буён биринчи марта янги фильм суратга олди.

Los Angeles Times нашрининг ёзишича, “Энди кимга ҳужум қилсак экан?” номли сатирик фильм АҚШнинг ташқи сиёсатига бағишланган. Тақдимот 10 сентябрь куни очиладиган Торонто халқаро кинофестивалида бўлиб ўтади.

Режиссёр ва сиёсий фаолнинг фикрича, ихтилофларга мойиллик АҚШ ҳарбий идорасининг доимий эҳтиёжидир. Картина деталлари ҳозирча ошкор қилинмади, аммо режиссёрнинг ўзи уни “эпик турдаги фильм” деб ҳисоблайди.

“Сиз у (Мур) узоқ вақт ўзига хос бир фикр айтиш ниятини дилига тукканини ҳис қиласиз, фильмнинг моҳияти шунда”, – деди картинани фестивалга қабул қилган документалист Том Пауэрс.

Ўз навбатида, фестиваль ташкилотчилари “Энди кимга ҳужум қилсак экан?” фильмини режиссёрнинг “энг провокацион ва қувноқ” картинаси сифатида тавсифлашди.