Бугун, 30 июлда Халқаро дўстлик куни (International Day of Friendship) – тақвимдаги энг ёш байрамлардан бири нишонланмоқда. Бу куннинг нишонланиши ҳақидаги қарор БМТ Бош ассамблеясининг 65-сессиясида 2011 йил 27 апрелда қабул қилинган. 

БМТ давлат тузилмаларига ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотларга бу кунни у ёки бу давлатнинг маданий анъаналарига мувофиқ равишда нишонлашни таклиф қилади. БМТ резолюциясида ушбу кунни турли халқлар орасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида таъкидлаб ўтилган.

“Халқлар, давлатлар, маданиятлар ва алоҳида шахслар ўртасидаги дўстлик тинчликни таъминлашдаги ҳаракатларга илҳомлантириши мумкин ва маданий турфаликни ҳурмат қиладиган жамиятлар орасида кўприклар ўрнатиш имкониятини беради”, дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, ушбу куннинг асосий вазифаларидан бири ёшларни, шу жумладан, бўлғуси етакчиларни турли маданиятларни ҳурмат билан эъзозлашга қаратилган жамоатчилик фаолиятига жалб қилишдан иборат.

Айни пайтда дунёнинг турли давлатларида дўстликни тарғиб қилиш билан боғлиқ турли тадбирлар ўтказилиб келинади.

Турли даврларнинг буюк алломалари дўстлик ҳақида доно фикрларни билдирганлар:
Марк Аврелий: “Қўл қўлга, оёқ оёққа ва юқориги жағ пастки жағга ёрдам берганидек, инсонлар ҳам бир-бирига ёрдам бериш учун яралганлар”.
Вольтер: “Бу дунёнинг барча иззат-икромлари битта яхши дўстга арзимайди”.
Марк Твен: “Ҳақиқий дўст сен ноҳақ бўлганингда ёнингда бўлади. Сен ҳақ бўлганингда, сен билан ҳар ким бўлиши мумкин”.