Италиянинг Генуя шаҳрида яшовчи 62 ёшли Пьетро (фамилияси келтирилмаган) исмли шахс ҳаётида биринчи марта шахсини тасдиқловчи гувоҳнома олди, деб хабар бермоқда TheLocal.it портали. Нашрнинг таъкидлашича, эркак шу кекса ёшигача давлат учун умуман “мажвуд бўлмаган”. Унинг мавжудлигининг ягона расмий ҳужжати 1953 йилдан бери шифохонада сақланган туғилгани ҳақидаги гувоҳнома бўлган.

Эркак дунёга келганда унга Пьетро исми берилган. Эркакнинг онаси уни боқа олишига кўзи етмай, уни Реджо-Эмилия шаҳридаги роҳибалар томонидан бошқариладиган мактабга топшириб юборган. Пьетро ўз отасини ҳеч қачон кўрмаган.

Мактабдан Пьетронинг рўйхатдан ўтганлигини бирор марта текшириб кўриш сўралмаган ва италиялик гўёки “кўринмас одам” сифатида улғайган. Кейинчалик у Генуяга кўчиб ўтган ва 1970 йилдан бошлаб шартномасиз ишлаб келган ва уй-жой учун тўловни фақат нақд пулда амалга оширган. Пьетро ҳеч қачон қонун билан ихтилофга бормаган, бирор марта шифохонага тушмаган ва ҳеч қачон банк ҳисоб рақами очмаган.

Пьетрога ҳужжатлар 2,5 ой аввал тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлганда керак бўлиб қолди. Италиялик шахсни тасдиқловчи гувоҳномани олишга қарор қилди, бироқ ФҲДЁ бўлимига ўз ҳақида исми ва туғилган кунидан бошқа маълумот тақдим қила олмади.
“Аввал биз бу ёлғон деб ўйладик” деб айтмоқда ФҲДЁ бўлими ходими Вильма Виаренго.

Эркакнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномани топиш учун анча вақт талаб этилди, бироқ натижада ҳужжатни топишга муваффақ бўлинди. Шундан кейин ФҲДЁ бўлими полицияни Пьетронинг қўшнилари билан гаплашиб, бу ғалати воқеанинг ҳақиқат эканлигини тасдиқлашларини сўради. Натижада Пьетро узоқ кутилган ҳужжатни олишга муваффақ бўлди. ФҲДЁ ходимининг айтишича, Пьетро ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни олгандан кейин ўзида йўқ хурсанд бўлган.