Top Gear кўрсатувининг собиқ ижодкорлари Жереми Кларксон, Ричард Хаммонд ва Жеймс Мэй Amazon Instant Video билан шартнома имзолашди ва яқин вақт ичида автомобиллар ҳақидаги янги телешоу бўйича иш бошлашади. Бу ҳақда Кларксон ўз твиттерида маълум қилган.

Янги шоу кейинги йилнинг бошидан эфирга чиқиши ва уни мухлислар Amazon интернет канали орқали кузатиши режалаштирилган.

"Мен ҳозир ўзимни эски аравадан космик кемага ўтгандек ҳис қиляпман", дейди Кларксон The Guardian нашрига берган интервьюсида ўз таассуротлари ҳақида гапириб.

Эслатиб ўтамиз, Кларксон 2015 йилнинг мартида "Би-би-си" каналида продюсор билан муаммога дуч келиб, ишдан ҳайдалган эди. Шундан сўнг, унинг ёрдамчилари Ричард Хаммонд ва Джеймс Мэй ҳам лойиҳани тарк этишган.