ISUZU Motors компаниясининг президенти Сусуму Хосои бошчилигида япон делегацияси Ўзбекистонга сафари доирасида Самарқанд автомобиль заводига ташриф буюрди. Бу ерда япон делегациясига сиқилган табиий газда (CNG) ишловчи двигателга эга илк автобус намойиш қилинди.

CNG двигеталли автомобилларнинг экологик томондан хавфсизлиги ва иқтисодий нафини ҳисобга олган ҳолда бу маҳсулотга юқори талаб бўлиши прогноз қилинмоқда. Ушбу тенденцияни ҳисобга олиб, Самарқанд автомобиль заводида ISUZU Motors кўмагида CNG двигателли йўловчи автобусларини ишлаб чиқиш pарурати ҳақида қарор қабул қилинган эди. Бугунги кунда дизель двигателда ишловчи автобусларнинг аксарияти газ ёқилғиси ёки газ-дизелда ишловчи автобусларга қайта жиҳозланган. Бироқ четки ташкилотлар томонидан қайта жиҳозланган бу автомобилларга “СамАвто” МЧЖ дилерлик марказлари томонидан кафолатли хизмат кўрсатилмайди.

Япон делегациясига намойиш қилинган тажрибавий намуна меҳмонларнинг олқишлари билан қаршиланди ва ISUZU Motors ва Itochu Corporation вакиллари томонидан ижобий баҳоланди. CNG двигателли бу автобуслар Евро-4 экологик стандартига мос келиши билан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган йўловчи транспортига янги сифат даражасига кўтарилиш имконини беради.

“СамАвто” МЧЖ ва ISUZU Motors ҳамкорлигининг самарадорлигини нафақат янгиланган автобус ва юк автомобиллари парки, балки Самарқанд автомобиль заводининг йилдан йилга ошиб бораётган ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга барқарор талабнинг мавжудлиги ҳам исботлайди. Бундай ютуқларга эришишга жорий йилнинг февралида 20 мингчи юбилей автомобилининг ишлаб чиқарилиши мисол бўла олади.

Самарқанд автомобиль заводи (“СамАвто” МЧЖ) автобус, юк ва махсус машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган завод бўлиб, ўзининг фаолиятини 1999 йилнинг мартидан бошлаган. 2006 йилда “СамКочавто” қўшма корхонаси “Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖ сифатида қайта ташкиллаштирилган ҳамда Япониянинг ISUZU Motors Ltd компанияси билан ҳамкорликни бошлаган. 2007 йилнинг январидан заводнинг ишлаб чиқариш қувватларида ISUZU шассиси негизида тижорий автомобиллар ишлаб чиқарила бошланган.