Аҳолига кинохизматлар кўрсатиш ҳажми ярим йилда 122.8 фоизга ошди

Маданият 31 Июль 2015 3372

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг структур бўлинмалари томонидан 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 1.472 млн кишига кинохизматлар кўрсатилди. Бу ўтган йилнинг шу даври кўрсаткичларидан 122.8 фоизга ошганлигидан далолатдир.
Ҳисобот даврида Бадиий кенгашнинг 12 йиғилиши бўлиб ўтди, уларда 7та бадиий, 2та мультипликацион фильм кўрилди, 12та сценарий муҳокама қилинди. Натижада агентлик томонидан буюртма қилинган бир қатор фильмларнинг намойиш этилишига рухсат берилди. “Новда”, “Болалик синовлари”, “Ҳаётда…”, “Дилор, дилор… дил ва ор”, “Сотқин”, “Шунқорлар”, “Рўё” бадиий фильмлари, шунингдек, “Сариштали уй – фариштали уй” ва “Тулкивойнинг тавбаси” мультфильмлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, янги фильмларни суратга олиш жараёнлари бошлаб юборилди. Булар “Лолақизғалдоқ” (“Барон”) (Р.Саъдиев), “Сўнгги пушаймон” (Н.Жумаев), “Кузнинг бир куни” (З.Мусоқов), “Толиққан кўнгиллар ойга талпинар” (С.Назармуҳамедов), “Маъсума” (Ё.Тўйчиев) шулар жумласидандир. “Нўхат полвон” ва “Оқбўйин” мультфильмлари, “Ойқиз эртаги” (А.Бектурдиев), “Устюртга йўл” (А.Ғаниев), “Ажал жодуси” (Ҳ.Насимов), “Дадил бўл, Камолиддин!” (“Юракдан ҳис этиб”) (Э.Ҳошимов), “Баракасини берсин” (Ф.Худойбердиев) бадиий фильмлари устида иш давом этмоқда.
Агентликнинг 2014-2015 йилларга мўлжалланган ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқариш режасига биноан«Завол билмас умр», «Ўғлонлар», «Эҳтиром», «Из», «Уста», «Агар сен ҳақ бўлсанг...»,«Санъатнинг бебаҳо хазинаси» каби ҳужжатли фильмлар устидаги ишлар ниҳоясига етказилди. Ҳозирда 21та ҳужжатли, илмий-оммабоп ва ўқув фильмларини тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Жорий ярим йилликда нодавлат студиялари томонидан суратга олинган 28та фильмнинг белгиланган лицензия талаблари ва шартларига мослиги ўрганиб чиқилди ҳамда 3та фильм мазкур талабларга тўғри келмаганлиги сабабли уларнинг намойишига рухсат берилмади.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида “Умрбоқий сиймолар” ва “Замон ва тақдирлар” туркумида таниқли академик ва олимлар, Ўзбекистон халқ рассомлари, Ўзбекистон халқ артистлари каби шахсларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолияти ҳақидаги, жами 10дан ортиқ ҳужжатли фильмларни суратга олиш бошлаб юборилди.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳам ўзининг сермаҳсул фаолиятини давом эттирмоқда. Хусусан, 30 апрель – 3 май кунлари Тошкент шаҳрида, 5-6 май кунлари эса Самарқанд шаҳрида Тошкент шаҳридаги Гёте институти билан ҳамкорликда II анъанавий «Шум бола – 2015» болалар фестивали, 22-31 май кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи делегацияси билан ҳамкорликда «Европа киноси фестивали» ўтказилди. 11 июнь куни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Лондон шаҳрида «Ўзбек киноси куни» ташкил этилиб, унда ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Шабнам» фильми намойиш этилди. 20-24 июнь кунлари Филиппин халқаро кинофестивалида «Жаҳон премьералари» доирасида режиссёр А.Мигнаровнинг «Ота» фильми намойиш этилди. Ҳозиргача бир қатор бадиий, ҳужжатли ва мультпликацион фильмларимиз АҚШ, Германия, Хитой, Россия, Австралия каби 10дан ортиқ мамлакатлардаги халқаро кинофестивалларнинг ташкилий қўмиталарига саралаш босқичи учун юборилган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Кўпроқ янгиликлар