Amazon анча вақтдан бери маҳсулотларни дронларда етказиб бериш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Унинг амалга оширилишини дронлардан тижорий мақсадда фойдаланишни таъминлашга имкон берувчи АҚШ қонунчилигида зарур ўзгаришлар йўқлиги орқага сурмоқда. АҚШ Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни фақатгина кейинги йилда киритишни режалаштирмоқда.

Кўпчиликни дронларнинг хусусий шахслар томонидан назоратсиз ишлатилиши хавотирлантирмоқда. Дронлар бир неча бор самолётларнинг фалокатига сабаб бўлишига бир баҳя қолди. Калифорния штатида бўлиб ўтаётган NASA UTM Convention анжуманида Amazon компанияси дронлардан жадал суръатларда фойдаланишга қарамасдан уларнинг парвози хавфсизлигини тегишлича таъминлашга имкон берадиган таклифларни билдирди.

Компания дронлар учун 61-122 метр (200-400 фут) баландликдаги ҳаво ҳудудининг бир қисмини ажратишни таклиф қилмоқда. Ҳаво коридорининг устидаги 30 метр (100 фут) баландликдаги ҳудуд самолёт билан дронларнинг тўқнашиб кетишлари ҳолатларини истисно қилиш мақсадида парвозлардан холи буфер зона сифатида эълон қилиниши таклиф қилинмоқда.

Ўз навбатида, коридор тез учувчи ва секин учувчи дронларнинг алоҳида ҳаракатланиши учун икки қисмга бўлинади.

Бу ўзгаришлар дронларга эга хусусий шахсларнинг норозилигини келтириб чиқариши аниқ, чунки уларнинг дронларига ҳаво коридорининг пастки қисмида ҳаракатланишга рухсат берилади, ваҳоланки ҳозирда уларга дронларни 400 футгача баландликкача учиришга рухсат берилган.