Қорақалпоғистон Республикаси, Қораўзак туманида яшовчи Жанабой исмли шахс ўз қўшниси Ниятбой исмли шахснинг қўтонига ўғриликка тушгани учун ҳибс этилди.

Маълум қилинишича, у ўз таниши Маҳаддиёр билан тил бириктириб, қўшнисининг 40та қўйидан энг йиригини олиб кетиш учун ярим тун маҳалида ўғрилик содир этган.

Жиноятчилар қўчқорни сўйишиб, тумандаги дўконлардан бирига пуллаш учун олиб боришган. Азиз исмли дўкон эгасига улар бу қўй Жанабойнинг бобосининг отаридан экани, унга шоқол ҳужум қилгани учун тезлик билан сўйишга тўғри келгани ҳақида айтишган ва ҳар бир килограмм гўшт учун 16 минг сўмдан пул олишган. Дўкондор бу қўйнинг шоқол ҳужумига учраганига далил сифатида сўрагач, бошни олиб келиш учун кетган ўғрилар ортларига қайтмайди ва Азиз милицияга мурожаат қилади.

"На посту" газетасида ёзилишича, бу вақтда Ниятбой ҳам ўз қўйларидан бири йўқолгани ҳақида милицияга хабар қилган. Ҳуқуқ-тартибот хизмати ходимлари бу икки мурожаатда боғлиқлик борлигини пайқашган ва жиноятчиларни қўлга олишган.