31 июлда АҚШ президентининг Вашингтондаги расмий қароргоҳи – Оқ уйда кечки пайт тревога эълон қилинди. Бунга номаълум аёлнинг Оқ уй панжарасидан ошиб тушишга ҳаракати сабаб бўлган.

Аёл аввал Оқ уй периметри бўйича ўрнатилган қўшимча тўсиқдан ошиб ўтган, сўнгра уч метрли панжара ёнига келиб, унга қўллари билан тирмашиб олган. Шундан кейин аёл навбатчилик қилаётган махсус хизмат ходимлари томонидан тезда қўлга олинган.

Ҳозирда АҚШ махсус хизмати ходимлари Оқ уй панжаралари устига ўткир тиғларни ўрнатмоқдалар.

Охирги вақтларда Оқ уй панжарасидан кўплаб ошиб ўтишга уринишлар қайд қилинмоқда. Асосан бундай ишга руҳиятида муаммолар мавжуд бўлган одамлар қўл уришмоқда.

Бундай ҳолатлардан энг шов-шувлиси 2014 йилнинг сентябрида юз берган. 43 ёшли уруш фахрийси Умар Гонсалес Оқ уй панжарасидан ошиб ўтиб, бинога кириш эшиклари ёнигача етиб бориб, унинг ичига кириб борган. Фақатгина шу ердагина ўз ишида катта хатога йўл қўйган қўриқлаш хизмати уни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлган. ОАВларнинг маълумотларига кўра, бу ҳолат АҚШ президентининг жиддий эътирозига сабаб бўлган.

Бу можародан кейин Оқ уй ҳимояси периметри бўйича қўшимча тўсиқ ўрнатиш билан янада кучайтирилган эди.