Афғон толибонларига мулла Ахтар Муҳаммад Мансурнинг янги етакчи сифатида сайланиши ташкилот таркибида ўзаро келишмовчиликлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда 31 июль куни маҳаллий ОАВ орқали хабар тарқалган.

Ташкилотнинг асосчиси мулла Муҳаммад Умарнинг 2013 йилдаёқ ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, унинг яқин кишиларидан бири мулла Муҳаммад Ҳассан Раҳмоний РСА радиосига берган интервьюсида янги етакчини жангариларнинг кўпчилик қисми қўллаб-қувватламаётгани ҳақида маълум қилган.

Мулла Умарнинг ўғли эса ташкилот раҳбарлиги учун жуда ёш ҳисобланмоқда.

27 июль куни шу радио орқали Афғон миллий армияси штаби бошлиғи генерал Қадам Шоҳ Шоҳим Афғонистон ҳарбийлари мамлакат шимолидаги "Толибон" ва бошқа жангариларни юзага келган тарқоқлик туфайли осонлик билан маҳв этиши ҳақида фикр билдирганди. Генерал Афғонистон армиясининг аскарлари юқори даражадаги жанговор руҳда бўлиб тургани, қўшинлар Фарёб воҳасидаги жангариларни йўқ қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Бу воқеалар билан бир вақтда, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Афғонистон пойтахтида мамлакат президенти Ашраф Ғани билан учрашган ва минтақада терроризм ва наркотрафикка қарши ҳамкорликда курашиш бўйича муҳокама ўтказган.