Сибирдан Краснодар ўлкасигача бўлган ҳудудда жойлашган полигонларда жаҳоннинг 17 давлатидан келган жамоалар энг яхши дала, ҳаво ва денгиз ҳарбий малакаларига эгалик бўйича беллашадилар.

Москва вилоятидаги Алабино шаҳрида Биринчи халқаро армия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ўйинларни кўпчилик ҳарбий Олимпиада деб ҳам атамоқда. Очилиш маросими ёрқин ва бой кўриниш олди – спортчилар ва актёрлар Қадимги Греция ва Қадимги Рус пайтларидаги тарихий лавҳаларни намойиш қилдилар, ҳарбийлар томошабинларни “танк балети” билан яна бир бор ҳайратлантирдилар. Сўнгра ўйинлар байроғини 2014 йил чемпиони прапоршик Денис Акишин юқорига кўтарди. Осмонда эса “Рус витязлари” юқори пилотаж авиация гуруҳи вакиллари ўз маҳоратларини намойиш қилдилар.
“Важоҳатли ҳарбий техникадаги қуролли одамлар бу ерда, меҳмондўст рус ерида учрашиб, беллашувлар охирида табассум билан бир-бирларининг қўлларини сиқиб, рақибларининг ютуқларига хурсанд бўлишлари қувонч бағишлайди. Бу давлатларимиз қуролли кучлари орасидаги ишончни мустаҳкамлашнинг энг яхши усули”, деб айтди Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу.

Қайд этиш жоизки, ҳарбий-спорт мусобақаси ўзининг қулочи билан ҳақиқатда ҳайратлантиради. АрМИ-2015 деб номланган бу ўйинлар Новосибирскдан Каспийскгача бўлган полигонларда бўлиб ўтади. 15 августгача барча иштирокчилар дала, ҳаво ва денгиз ҳарбий малакалари бўйича 14 та танловда беллашадилар. Мусобақаларда Ҳиндистон, Қувайт, Никарагуа, Венесуэла, Ангола каби 17 та давлатдан ҳаммаси бўлиб 2 мингга яқин ҳарбий иштирок этади.