Касаба уюшмалари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таҳририятга йўлланган матбуот хабарномасида таъкидлаб ўтилди.

“Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотлар фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда албатта, давлат корхоналарида меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан бир қаторда нодавлат секторида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда”, – дейилади хабарномада.

Касаначи аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси йўналишида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бир қатор корхоналар мисолида келтириб ўтилди.
Жумладан, “Фарғона нефтни кайта ишлаш заводи” УКда 546 нафар касаначилар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 526 нафарини аёллар ташкил этади. Касаначилар билан меҳнат шартномаси тузилиб, уларга меҳнат дафтарчалари очилган. Касаначи аёлларга корхонанинг жамоа шартномасида белгиланган барча имтиёзлар қўлланилади. Хусусан, улар учун 15 иш кунидан кам бўлмаган муддатдаги меҳнат таътили белгиланган. Ҳомиладор аёллар 5 ойлик муддатда ўртача ойлик иш хақи сақланган холда туғиш олди таътилига чиқарилади. Фарзанд туғилганда Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида суюнчи пули берилади.

“Фарғонаазот” АЖнинг 2015-2017 йилларга тузилган жамоа шартномасида аёллар учун касаначилик меҳнати жорий қилиниши белгилаб қўйилган. Касаначи аёллар асосан тикувчилик йўналишидаги фаолият билан шуғулланадилар.
“Навоийазот” АЖда эса 377 нафар касаначи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 375 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар асосан тикувчилик ва тўқувчилик билан шуғулланадилар.

Жорий йилда корхонада 545 ишловчи аёллар санаторий-профилакторийда соғломлаштирилган бўлса, уларнинг 42 нафарини касаначи аёллар ташкил этади. Шунингдек, уй меҳнати билан шуғулланувчи аёлларнинг 20 нафар фарзандларининг “Офтобжон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олдирилиши таъминланди.
Бугунги кунда “Аммофос-Максам” акциядорлик жамиятида фаолият кўрсатаётган 136 нафар касаначидан 102 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг тикувчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва боғдорчилик билан шуғулланадилар.