Nokia компанияси 2015 йилнинг иккинчи чораги якунларини эълон қилди. Унга кўра, компаниянинг фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир қадар кўтарилган. Бунга юқори рентабелликка эга дастурий таъминот сотувларининг кўпайиши ва қуйи рентабелликка эга шартномалардан воз кечилиши сабаб бўлган.

Финляндиянинг етакчи компанияси Nokia Networks бўлинмасининг 313 млн евро (сотувлар ҳажмининг 11.5 фоизи) операцион даромад кўрганини маълум қилди, бу ўтган йилгидан (281 млн евро) 11 фоизга кўпроқдир. Reuters суҳбат қилган экспертларнинг башоратларига кўра, бўлинманинг фойдаси 235 млн еврони, операцион маржа эса 8.3 фоизни ташкил этиши керак эди.

Тармоқ жиҳозларининг сотилиш ҳажми 2.73 млрд еврони ташкил қилди, бу 2014 йил биринчи чораги кўрсаткичларидан 6 фоизга кўпроқдир. Айни пайтда, таҳлилчилар бу борадаги даромад 2.84 млрд еврони ташкил этишини тахмин қилаётган эди.
Nokia’нинг умумий операцион фойдаси 51 фоизга ўсиб, 521 млн еврони ташкил қилди (таҳлилчилар башорати – 334 млн евро). Соф фойда 352 млн еврони ташкил қилди; ўтган йилнинг шу даврида компания 27 млн евро зарар кўрган эди.
Компаниянинг реализация ҳажми 3.209 млрд еврога тенг (ўтган йилги кўрсаткичдан 9 фоизга кўпроқ).

Reuters агентлигининг маълум қилишича, компания HERE картографик сервисини Германия автомобилсозларига сотиш бўйича музокараларни якунлаш арафасида турибди. Шартнома қиймати 2.5-3 млрд еврони ташкил этиши мумкин.