Швейцариянинг француз тилидаги Le Temps номли газетасида "Беҳзод Абдураимов, оловли бармоқлар" сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

"Жаҳон" АА хабарига кўра, мақолада ўзбекистонлик ёш пианиночининг европаликларни ўз истеъдоди билан ҳайратга солгани эътироф этилган.

"Бу юлдуз илк бор 2009 йилда Лондонда ўтказилган халқаро танловда порлаганди. Европада уни Евгений Кисин ва Денис Мацуевнинг шогирди сифатида билишади.
Беҳзод Абдураимов 1990 йилда Тошкентда, мусиқачилар оиласида туғилган. Унда 5 ёшидаёқ мусиқага қобилияти намоён бўла бошлаган. Аввалига унга онаси устозлик қилган, кейин эса Беҳзодга Успенский номидаги мусиқа мактабида Тамара Попович мусиқа сабоқларини бера бошлаган", дейилади мақолада.

Мақолада қайд этилишича, кўп вақт ўтмасдан, Беҳзод Канзас-Ситида Парк университетидаги Станислав Юденичнинг пианиночилар мактабида таҳсилни давом эттирган.

2009 йилда ўтказилган Лондондаги халқаро танловда Беҳзод Паганини пьесаси, Шопен ва Брамснинг вариациялари, Прокофьевнинг олтинчи сонатаси, Томас Адеснинг замонавий пьесалари каби мураккаб асарларни ижро этиб, олқишларга сазовор бўлади.

Мақолада қайд этилишича, бугунги кунда Беҳзод йилига 60-65та концерт беради. У ўз вақтини Канзас-Сити, Тошкент ва Лондон ўртасида тақсимлайди. Ишининг юқори суръати туфайли юзага келадиган чарчоқни эса ёш мусиқачи саҳнада чиқариб олади.

Газетада ёзилишича, ёш истеъдодни ҳали олдинда Мюнхен филармонияси ва Лейпциг Гевандхаусидаги чиқишлар кутмоқда.