Британия аэродромларидан бирида Facebook компаниясига тегишли учувчисиз аппарат қурилмоқда. Унинг қанотлари кенглиги Boeing-737ники билан тенг. Ушбу улкан дрон Aquila деб аталади. Aquila юнон мифологиясида Зевснинг чақмоқларини ташиган бургутдир.
Ушбу дрон Facebook’нинг Ер юзида 4 млн кишини интернет билан таъминлаш борасидаги режасининг бир қисмидир. Ғояга кўра, Aquila стратосферада парвоз қилиб, ер станцияларига симсиз усулда интернет сигналларини узатиб туради. У асосан Нигерия ва Ҳиндистон сингари мамлакатларнинг интернет етиб бормаган ҳудудлари устидан парвоз қилади.
Жорий йил бошида компания ушбу аппаратнинг кичик моделларини синовдан ўтказди ва ҳозир, лойиҳа координатори Яэль Магуайрнинг сўзларига кўра, унинг тўлиқ ҳажмли версиясини синовдан ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

737 сингари кенг бўлиши билан, у тижорий авиалайнердан юзлаб маротаба енгилроқдир. У ер сатҳидан 18-25 минг баландликда 90 кунгача қолиши мумкин.
Шу вақтнинг ўзида Калифорниядаги Вудленд-Хиллс лабораторияси мутахассислари дронга интернет сигналлари юборишга ёрдам берадиган янги лазер тармоқлари технологиясини ишлаб чиқмоқда. Айтилишича, олимлар ўнлаб гигабит тезликда маълумот узатувчи 15 км масофадан аниқ нишонга урувчи лазер ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди.
Facebook Connectivity Lab олимлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган Aquila лойиҳаси интернетни осмондан етказиш технологиясида янги сўз бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Google ҳавода 180 кун қолиши мумкин бўлган дронлар ва ҳаво шарлари устида ишламоқда. Facebook, шунингдек, сунъий йўлдошлар яратиш масаласини ўрганиб чиқмоқда.