Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бошчилигида ўтказилган йиғилишда бош вазир ўринбосари Б.Сагинтаев, президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Б.Майлибоев, президент ёрдамчиси Н.Ўнжанов ва миллий иқтисодиёт вазири Е.Дўсаев иштирок этди.

Тадбир давомида мамлакат иқтисодиётининг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш чора-тадбирлари, Остонада “ЭКСПО-2017” кўргазмасини ташкил қилиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги, Қозоғистон Конституциясининг 20 йиллигини нишонлаш ва бир қатор халқаро даражадаги тадбирларни ўз ичига олган юбилей саналарга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Назарбоев дунё иқтисодиётидаги беқарорликнинг Қозоғистон иқтисодиётига кўрсатаётган салбий таъсирига йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратди.

“Бозор конъюнктураси, мамлакат бюджети ҳолатининг ёмонлашиши ҳамда асосий экспорт товарларга нархларнинг пасайиши туфайли мамлакатда умумий иқтисодий тежамкорлик тартибини киритиш лозим. Бу чора-тадбирларни кейинги йил бюджетида ҳам кўзда тутиш керак. Биз барча қийинчиликларга қарамасдан, иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини пасайтирмаслигимиз ва фуқароларнинг ижтимоий аҳволининг ёмонлашишига йўл қўймаслигимиз керак. Аҳоли олдидаги барча ижтимоий мажбуриятларни тўлақонли бажаришимиз керак. Биз бу мураккаб даврларни кечиб ўтишимиз лозим”, деб айтди Назарбоев.