АҚШ таблоидлари “Қора кийимдаги одамлар”, “Мен афсона” каби машҳур фильмлар юлдузи Уилл Смит 17 йиллик турмушдан кейин рафиқаси Жада Пинкетт Смит билан ажрашаётгани ҳақида мақолалар ёзишни давом эттирмоқда.

46 ёшли Уилл Смит ва 43 ёшли Жада Пинкетт Смитнинг турмуши анчадан бери “чок-чокидан йиртилаётган эди” ва охир-оқибат ажрим билан якунланмоқда. Голливуд жуфтлиги вақтлар синовидан ўта олмади. Жуфтлик анчадан бери бирга яшамайди.

“Уилл ва Жада учун сўнгги йиллар жуда оғир кечди – уларнинг турмуши гўёки ҳаётни сунъий таъминлаш тизимидаги каби кечаётган эди”, деб ёзмоқда оилага яқин бўлган кишилардан бирининг гапларини АҚШ ОАВлари.

Айни пайтда жуфтлик 240 млн долларлик мол-мулк ва кўчмас мулкни бўлишиш ҳақида махфий келишувни тайёрлаш билан машғул.

Юлдузли жуфтликнинг фарзандлари ким билан қолиши масаласи очиқлигича қолмоқда.
Тахминларга кўра, жуфтликнинг 17 ёшли Жейден ва 14 ёшли Уиллоу исмли фарзандлари оналари билан бирга қолишади.